Кўча тўла одам. Нарироқдаги мактабдан бир гуруҳ ёшлар чиқиб келяпти. Ҳар бирининг елкасида «Битирувчи» деб ёзилган рангли тасма. Уларнинг гулгун чеҳрасида бахтиёрлик акс этиб турибди.
Гулистон тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Исъҳоқжон Сангиров ёшларнинг мана шундай хотиржам юришида ўзининг ҳам хизматлари борлигини ўйлаб ич-ичидан ғурурланди. Вақти бўлиши билан мактабга кириб, битирувчилар билан суҳбатлашгани, уларнинг орасидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, нотинч оила вакиллари билан алоҳида шуғуллангани бир-бир кўз олдидан ўтди. Мақсади — ёшлар келажакда тўғри, ҳалол, оиласига садоқатли инсонлар бўлиб етишсин.
Афсуски, ҳаётда ўз виждонига хиёнат қилиб, қонунга хилоф иш юритадиган инсонлар ҳам учраб туради. Яқинда шундай шахслардан бири уни пул эвазига сотиб олишга уринди.
2023-йил 2-июн. Гулистон тумани Иибга фуқаро Абдушокир Саидалиевдан (исм-шарифлар ўзгартирилди) ариза келиб тушди. У ўз аризасида шу туманда яшовчи Усмон Умаров исмли шахс унинг оиласини жар ёқасига етаклаётганини келтириб, ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган. Аризани ўрганиш профилактика инспектори Исъҳоқжон Сангировга топширилди.
Исъҳоқжон аризада кўрсатилган фуқаро У. Умаровни хизмат хонасига таклиф қилди. Суриштирув жараёнида у дастлаб барчасини инкор қилиб тураверди. Бироқ аризада келтирилган маълумотлар билан унинг кўрсатмалари солиштирилганида, У. Умаров ёлғон гапираётгани маълум бўлиб қолди. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўлдирилиб, тушунтириш хати олинди. Лекин Усмон Умаров «кечиктириб бўлмас иши» борлигини айтиб, ҳужжатларга имзо қўймай чиқиб кетди.
Эртаси куни такроран чақиртирилганда эса, унинг руҳий ҳолати ёмонлашганди. Қилган иши овоза бўлишидан қўрқиб, талвасага тушганлиги кўриниб турарди. У профилактика инспекторига ушбу ишни босди-босди қилиш, воқеани овоза қилмаслик эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилди. Исъҳоқжон пора бериш жиноят экани, бунинг учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини тушунтирди. Лекин У. Умаров ўз таклифини қайта-қайта айтиб туриб олди.
Исъҳоқжон Сангиров белгиланган тартибда ушбу ҳолат бўйича ўз раҳбариятини хабардор қилди. Вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги киритилди. Тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди...
Усмон Умаров профилактика инспекторининг хонасига кириб келиб, яна бир бор аризани йўқ қилишни, ишни ёпишни илтимос қилди. Бунинг эвазига пул беришини айтиб, ёнидан 200 АҚШ долларини олиб, тортмага солиб қўйди.
— Қолганини кейинроқ бераман, ҳозирча бори шу, — деди Усмон Умаров.
Шу пайтда вилоят ИИБ ЖҚБ текзор ходимлари уни ашёвий далил асосида қўлга олишди.
Касбига, қасамёдига садоқатини сақлаб қолган Исъҳоқжон Сангиров 1995-йилда Гулистон туманида туғилган. У 2020-йилдан ИИБ тизимида хизмат қилиб келмоқда. Фаолиятини Ширин шаҳар «Фарҳод» маҳалласи профилактика инспектори лавозимида бошлаган. Ўтган йили Гулистон тумани ИИБ ҲПБ Аҳмад Яссавий номли маҳалла профилактика инспекторлигига ўтказилганди.
Катта лейтенант И.Сангиров ёш бўлса-да, масъулияти, юксак инсоний хислатларга эгалиги боис кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
«Постда» мухбири.
Сирдарё вилояти.
