Ички ишлар органлари ходимлари хизмат давомида турли вазиятларга дуч келишади.

Куни кеча Д. Шарифбоева Тошкент шаҳар Ииббнинг интернетдаги Фаcебоок саҳифасида «Аҳоли билан мулоқот» гуруҳига ёзиб, унга ёрдам берган ЙПХ ходимига ўз миннатдорлигини билдирди. Шошилинчда аёл осойишталик посбонининг исм-шарифини, қайси бўлимда фаолият олиб боришини сўрашга улгурмаган. Сўнгра Ииббга келиб, содир бўлган воқеани батафсил айтиб берди.

– Мен бозорда эдим. Ўша ердан қизимга қўнғироқ қилдим, лекин у жавоб бермади. Кейин куёвимга қўнғироқ қилдим – юрагим негадир безовта бўла бошлади... Кейин набирам куйиб қолганини маълум қилишди. Мен дарҳол уларнинг ёнига ошиқдим, – дейди у.

Аёлнинг сўзларига кўра, унинг 2 ёш-у 8 ойлик невараси куйиб қолган ва ҳушини йўқотган. Болани зудлик билан шифохонага олиб бориш керак эди.

– Машинада кетдик. Шаҳарда тиғиз вақт. Йўллар тирбанд. Ҳайдовчилар ўтказиб юборай демасди. Бирдан патрул машинасини кўриб қолдим, унинг ёнига бориб тўхтадик. Нималар деганимни ҳозир эслай олмайман... Ходим автомобил салонига назар ташлаб, набирамнинг аҳволини кўрди ва дарҳол машинасининг ортидан боришни айтди. Унинг ёрдами билан бир неча дақиқа ичида касалхонага етиб боришга муваффақ бўлдик.

Ички ишлар органи ходимининг тезкор қарори туфайли оғир аҳволдаги набирамнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ундан чексиз миннатдорман. Мана шундай фидойи ходимлар бор бўлсин. Бу ходимнинг ўз вақтида қилган тезкор ҳаракати ҳамкасбларига ўрнак бўлади, албатта, – дейди болажоннинг бувиси.

ИИББ ЙҲХБ Йўл патрул хиз­мати бригадаси 3-баталён 3-сафарбар гуруҳи инспектори, кичик сержант Фарруҳ Чориқуловнинг айтишича, у аввал ҳам бу каби ҳолатлар ҳақида ҳамкасб­ларидан эшитган ва шу боис ўзини йўқотиб қўймай, тўғри қарор қабул қилган.

– Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасида хиз­мат олиб бораётганимизда ёнимга бир машина келиб тўхтади. Набираси тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли кучли ҳаяжонга тушган аёл уни тезроқ Чилонзорда жойлашган шифохонага етказиш зарурлигини айтиб, ёрдам сўради. Кўчалар ниҳоятда тирбанд эди, ҳайдовчилар уларга зўрға йўл беришарди... Лекин кечиктириш мумкин эмасди. Одамларнинг чин қалбдан самимий миннатдорлиги янада фидойилик билан хизмат қилиш учун рағбатдир, – дейди кичик сержант Фарруҳ Чориқулов.

Ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.