Тарихнинг аччиқ сабоғи
Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, юксалиш ҳам, таназзул ҳам аввало инсоннинг ички дунёсидан бошланади. Баъзан улкан империялар ҳам биргина хато, биргина кибр ёки биргина бепарволик туфайли қулаб тушган. 1912-йилда Атлантика океанида ҳалокатга учраган «Титаник» лайнери ҳам ана шундай огоҳлантирувчи тимсоллардан биридир.
Ўша пайтда у дунёнинг энг йирик, энг ҳашаматли ва энг замонавий кемаси сифатида эътироф этилган эди. Айримлар «уни ҳатто Тангри ҳам чўктира олмайди», деган ғурурли даъволарни ҳам айтишган. Аммо табиатнинг оддий бир муз тоғи олдида инсоннинг бу кибрли ишончи чил-парчин бўлди. Бир неча соат ичида улкан лайнер сув қаърига кетди, минглаб инсонлар ҳалок бўлди.
Бу воқеа тарихда шунчаки денгиз фожиаси бўлиб қолмади. У инсониятга жуда чуқур бир ҳақиқатни эслатди: моддий қудрат қанчалик улкан бўлмасин, маънавий ҳушёрлик бўлмаса, у барибир ҳалокатга юз тутади.
Бугун орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, «Титаник» сабоғи инсоният учун ҳануз долзарбдир. Чунки тарихнинг энг оғир фожиалари кўпинча ташқи кучдан эмас, балки ички бепарволикдан бошланади.
Кўринмас, аммо хавфли
Бугунги замон технология, ахборот ва имкониятлар асри. Инсоният илм-фан ва техника ютуқлари билан мислсиз даражада олдинга силжимоқда. Аммо айни пайтда жамият олдида кўринмас, жуда хавфли бир «муз тоғи» ҳам пайдо бўлмоқда. Бу — маънавий бепарволик ва руҳий бўшлиқдир.
Агар жамият моддий тараққиёт ортидан қувиб, маънавий пойдеворини унуца, бу ҳолат кеманинг йўлида пайдо бўлган муз тоғидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин. Чунки моддий ҳалокат кўзга кўринади, маънавий таназзул эса секин, сезилмас тарзда кириб келади.
Бугун глобаллашув шамоллари бутун дунёни қамраб олган. Интернет, ижтимоий тармоқлар, экранлар орқали турли ғоялар ёшлар қалбига кириб бормоқда. Афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам эзгулик ва маънавиятга хизмат қилавермайди. Зўравонликни тарғиб қилувчи филмлар, енгил ҳаётни улуғловчи маданият, ўзликни инкор этишга ундовчи қарашлар аста-секин ёшлар онгига таъсир кўрсатмоқда.
Натижада айрим ёшлар ҳақиқий қаҳрамонлик нима эканини унутиб, сохта «идеал»ларга эргашиб қолиш хавфи туғилмоқда.
Ўз илдизидан куч
олган миллат
Ваҳоланки, бизнинг тарихимиз ва маънавий меросимиз бундай сохта тимсолларга эҳтиёж қолдирмайдиган даражада бойдир. Бу юрт давлатни адолат билан бошқариш намунаси бўлган Амир Темур, Ватан эркинлиги учун жонини тиккан Жалолиддин Мангуберди, илм ва ҳақиқатнинг нурини бутун дунёга таратган Имом ал-Бухорий каби улуғ зотларни етиштирган замин. Уларнинг ҳаёти мардлик, виждон, садоқат ва эътиқод мактабидир.
Шундай улкан маънавий хазинага эга бўлган миллат фарзандлари нега бегона маданиятнинг юзаки қаҳрамонларига маҳлиё бўлиши керак? Нега улар ўз илдизидан куч олиш ўрнига, ўзлигини унутиш йўлига кириб қолиши керак? Бу саволлар бугун ҳар бир ота-она, устоз ва мураббий олдида турган муҳим масалалардандир.
Жамиятнинг маънавий қалъаси
Жамиятнинг келажаги аввало оилада шаклланади. Оила – бу инсоннинг илк мактаби, виждонининг шаклланиш маскани, меҳр ва масъулиятни ўргатувчи муқаддас макондир.
Агар фарзанд ота-она меҳридан, самимий суҳбатдан, руҳий яқинликдан маҳрум бўлса, унинг қалбида бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқ эса албатта бошқа, кўпинча ёт ғоялар билан тўлдирилади.
Буюк жадид маърифатпарвари Абдурауф Фитрат ўзининг «Оила» асарида бежиз шундай демаган: «Ким бадахлоқ болаларни тарбия эца, инсониятга душманлик қилган бўлади».
Бу фикрнинг тагида чуқур маъно ётади. Чунки бугун тарбияланаётган бола эртага жамиятни бошқаради, унинг йўлини белгилайди. Демак, ҳар бир ота-она аслида нафақат ўз фарзандини, балки келажак жамиятини ҳам тарбиялаётган бўлади.
хулоса
ўрнида
Ҳақиқий муваффақият фақат бойлик орттиришда эмас. Бойлик вақтинчалик бўлиши мумкин, мансаб ҳам ўткинчи. Аммо покиза виждон, мустаҳкам эътиқод ва юксак одоб инсонни ҳар қандай синовдан олиб ўта оладиган кучдир.
Фарзандларимизга энг катта мерос – бу моддий бойлик эмас, балки тоза ном, ҳалол меҳнатга муҳаббат ва ўзлигини англашдир. Чунки инсон учун энг катта кашфиёт – бу ўзини, ўз илдизини ва ўз масъулиятини англашдир. Агар жамият ана шу қадриятларга таяниб яшаса, ҳеч қандай «муз тоғи» унинг йўлини тўса олмайди.
Бугун ҳар биримиз ўзимизга битта савол беришимиз керак: биз келажак сари сузаётган маънавий кемамизни қанчалик ҳушёрлик билан бошқаряпмиз? Агар оилада меҳр, тарбияда масъулият, жамиятда эса маънавият устувор бўлса – бу кема албатта хавфсиз манзилга етади.
Аммо бепарволик, лоқайдлик ва маънавий бўшлиқ ҳукм сурса, тарихдаги «Титаник» фожиаси бошқа бир кўринишда яна такрорланиши мумкин.
Шунинг учун ҳам ҳар бир виждонли инсон ўз қалбида бир ҳақиқатни сақлаши лозим: келажак тасодифан яратилмайди. У бугун экилаётган тарбия уруғларидан униб чиқади. Демак, маънавий «Титаник» фожиасига йўл қўймаслик бутун жамиятнинг муқаддас бурчига айланмоқ.
Муҳайё СУЛТОНОВА,
Учқўрғон тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси.
Наманган вилояти.
