Таъкидлаш жоизки, аксарият давлатларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган махсус мактаблар ва ҳаракатлар мавжуд. Ма­салан, Россияда мактаб ўқувчилари ва ёшлар ўртасида ватанпарварлик ва ҳарбий-спорт тайёргарлигини шакл­лантириш мақсадида «Юнармия» ташкил этилган. Шунингдек, Суворов мактаблари ҳам ёшларнинг ҳарбий тайёргарлигини оширади. Ақшда эса бу вазифани ёшларга ҳарбий интизом ва қоидаларни ўргатишга йўналтирилган ЖРОТC (Жуниор Ресерве Оффиcерсъ Траининг Cорпс) дастури бажаради. Бу каби тажрибалар шуни кўрсатадики, кўпгина давлатларда фарзандларни болаликданоқ Ватанга муҳаббат ва ҳарбий тайёргарлик руҳида тарбиялаш мактаб тизимига интеграция қилинган. Бу эса нафақат ҳарбий соҳа, балки бутун миллатнинг келажаги учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда ҳам ушбу тажриба амалга киритилди, яъни республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Андижон туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ҳам «Жасорат мактаби» ташкил этилди. Унда 26 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда. Қабул жараёнида ўқув­чилар жисмоний ҳамда маънавий билим ва кўникмаларга асосланган қатъий имтиҳон орқали саралаб олинди.

Мактабда болалар учун барча шароитлар яратилган. Ҳарбий синф хонаси, ҳарбий кўникмаларга доир қўлланмалар, қурол-аслаҳаларнинг нусхалари ва машғулотлар учун зарурий спорт жиҳозлари мавжуд. Болаларда ватанпарварликни, жанговарлик­ни шакллантириш мақсадида спорт ва ҳарбий машғулотлар анъанавий синфларга нисбатан кўпроқ ташкил этилган.

– Ҳар бир фуқаронинг биринчи галдаги вазифаси Ватанни ҳимоя қилишдан иборат бўлиши керак, – дейди Ҳаётилло Обидов. – Фарзандим ҳам келажакда ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қилади. Уни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу мактабга олиб келдим. Бу ерда у жисмонан соғлом ва маънавий жиҳатдан етук бўлиши учун барча шароитлар яратилган.  

Ушбу мактабда ўғил болалар билан бир қаторда, қизлар ҳам таҳсил олмоқда. Улардаги чаққонлик, ҳушёрлик, тезкорлик­ни кўриб имтиҳон пайтидаги саъй-ҳаракатлар зое кетмаганига амин бўлдик. 

– Мен авваллари ҳарбийлик ва ватанпарварлик фақат ўғил болаларга хос, деб ўйлардим, – дейди Камолахон Равшанбекова. – Мактабга келгач, машҳур ҳарбий аёллар ҳақида маълумот олдим ва уларнинг фаолияти мени илҳомлантирди. Катта бўлсам, худди улар каби жасур ва билимли хотин-қизлар сафида бўлишни хоҳлайман.

«Жасорат мактаблари» болаларни нафақат ҳарбий ва спорт тайёргарлигига, балки Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим омил бўлади. Ўзбекистонда бундай мактаблар­нинг ҳуқуқий асослари, машғулотлар тартиби ва шароитлари бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилади. Ишончимиз комилки, бу мактабда тарбияланаётган ёшлар келажакда давлатнинг ҳимоячиси ва миллатнинг фахрига айланади. 

Саминжон ҲУСАНЗОДА,

ўз мухбиримиз. 

Андижон вилояти.