Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ИИБ ҳамда шаҳар ва туман ИИБ, Ииофмбларига жами 30014 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1536 тага ёки 5,3 фоизга ошган. Бу кўрсаткич, Самарқанд шаҳар ИИОФМБ бўйича 3,3 фоизга, Пайариқ тумани Иибда 7,1, Тайлоқда
5,6 ва Иштихонда 1,9 фоизга ошган. Келиб тушган мурожаатларнинг 3,8 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилади.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг манфаати ва ҳуқуқлари туради. Шу боис, ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, унда кўтарилган масалани ижобий ҳал қилиш, муаммони бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, халқ розилигини қозониш учун энг аввало адолат тантана қилиши керак. Шундагина демократик жамият қуриш йўлидаги мақсадга эришилади.
– Вилоят ИИБ кўмаги билан Самарқанд шаҳар Имом Восе номли маҳаллада ободончилик ишлари амалга оширилиб, 27 та бетон симёғоч ўрнатилди. Биз бундан беҳад миннатдормиз, – дейди 71 ёшли Маликхон Ибрагимов. – Симёғочларга янги кабеллар тортилиб, трансформаторлар таъмирланди. Электр таъминотидаги узилишлар бартараф қилинди.
Ситора Фахриева фарзандининг тиббий муолажалари учун кўрсатилган ёрдамдан миннатдор бўлса, Самарқанд шаҳар «Ҳунармандлар» маҳалла аҳолиси ички йўлларга тош-шағал ётқизилганидан мамнун.
– «Инсон қадри ва эл бахти учун» тамойили асосида айрим масалалар тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Бандлиги таъминланган фуқаро, ҳуқуқий масаладаги иши ижобий ечим топган кишилар, аҳоли муаммоси учун жон куйдириб келган кексалар миннатдорлиги ва дуоларини эшитиб, кўнглимиз кўтарилади, – дейди вилоят ИИБ Ташкилий бошқарма мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи муҳим топшириқлар бўйича инспектори, маёр Юсуф Эшмурзаев.
Умида МАМАДАЛИЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
