Мазкур қарор ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган.
Қарорда устувор вазифалардан бири сифатида Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасида кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ягона ишлаш амалиётини йўлга куйиш, бу борада барча масъул давлат органлари ва муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда манзилли ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.
Бундан ташқари, қарорда норматив-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш мақсадида соҳанинг устувор йўналишлари ва ишлаш механизмлари, шунингдек, кибержиноятларнинг олдини олиш ва фош этишда давлат органлари, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг аниқ масъулиятини белгилайдиган “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган.
Шунингдек, қарорда кибержиноятларни фош этиш механизмлари сифатида кибержиноятларни барвақт тўхтатиш ва тезкорлик билан фош этиш, шунингдек, пул маблағларининг республика ҳудудидан чиқиб кетишини олдини олиш бўйича:
ички ишлар органлари масъул бўлинмалари сўровига асосан шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталарини тезкорлик билан блоклаш;
шубҳали пул ўтказма амалиётларига алоқадор банк карталари ҳақидаги маълумотларни зудлик билан ички ишлар органлари масъул бўлинмаларига тақдим этиб бориши белгиланган.
Эндиликда, Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура ва Марказий банк билан биргаликда кибержиноятларга қарши курашишда тезкорлик билан маълумотлар узатиш ва келиб тушаётган мурожаатлар бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш мақсадида электрон маълумотлар алмашинув платформаси фаолиятини йўлга қўяди.
Шу билан бирга қарорда:
ҳар ой якуни бўйича тизимида энг кўп кибержиноятлар (заифликлар ва камчиликлар натижасида юзага келган) қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади;
Марказий банк томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг транзакцияларини мониторинг қилиш орқали аҳоли пул маблағларини жалб қилишга қаратилган фирибгарлик схемалари (“молиявий пирамида”) аломатлари ёки шубҳалар мавжуд бўлган ҳолатлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш тартиби белгиланди.
Мазкур қарор мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросини кибержиноятлар қурбони бўлишдан ҳимоя қилишга қаратилган асосли маълумотлардан хабардор бўлиш тизими яратилиши натижасида ўз мулкига нисбатан бўлган ҳуқуқларини давлат томонидан кафолатли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
