Кун қаҳрамони

1996 йили Қамаши туманида туғилган. 2014 йилда маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тугатган. Болалигидан спортнинг миллий кураш ва самбо турлари билан шуғулланган Ботир 2016–2017 йилларда ҳарбий хизматни ўтаган.  

Ботир Холиёров ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2017 йилда вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасида сафдор ходим сифатида бошлаган. 2018 йилдан бошлаб вилоят ИИБ Твбсода хизматни давом эттириб келаётган қаҳрамонимиз ички ишлар органларида ўтказилаётган миллий кураш, қўл жанги, самбо ва жанговар самбо бўйича мусобақаларда фаол қатнашиб, турли вазн тоифаларида жамоа ва шахсий биринчиликда мутлақ чемпионликни қўлга киритиб келмоқда. 

– Кичик сержант Ботир Холиёров нафақат ички ишлар органлари тизимлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олмоқда, – дейди отряд командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, маёр Аслиддин Райҳонов. – Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси Жанг санъати федерациясининг спорт мусобақаларида ҳам ички ишлар органлари вакили сифатида фаол қатнашиб, 90 килограмм вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритди. 

Зиммасига юкланган вазифаларни бекам-кўст бажариб келаётган кичик сержант Ботир Холиёров, кези келганда, ёш ходимларга касб сирларини ўргатиш билан бирга, спорт йўналишида йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳамкасбларининг эътиборини қозонмоқда. 

Содиқ РАҲИМОВ,

“Постда” мухбири.

 Қашқадарё вилояти.