ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 4-минтақавий ҳудуди 2-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумлар ўртасида “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбир аввалида ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида батафсил сўз юритилди. Шунингдек, қинғир ишнинг оқибати оғир бўлиши, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррарлиги таъкидланди. 

Шундан сўнг жазо муддатини ўтаётган ёшлар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган турли хилдаги буюмлар кўргазмаси ташкил этилди. 

– Колонияда жазо муддатимни ўташ мобайнида тартиб-қоидаларга амал қилиб, меҳнатга виждонан ёндашиб келяпман, – дейди Озодбек Ҳошимов. – Китобхонлик танловларида, спорт мусобақаларида фаол қатнашяпман. Шунинг учун бугун ота-онам қимматбаҳо совға ва ташаккурнома билан тақдирланди. Озодликка чиқсам, пешона терим билан ҳалол ризқ топиб яшашга аҳд қилганман.

Тадбир давомида колонияда жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумларга китоб жамланмалари, футбол, волейбол ва баскетбол тўплари, спорт футболкалари туҳфа қилинди.

З.ОБИЛОВ,

маёр.