Яқинда пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Дўмбиробод чорраҳасида ҳаракатланиб келаётган давлат рақам белгиси 01 168 ҲФА “Исузу” русумли автобус ҳайдовчиси Б.А. бошқарувни йўқотиши оқибатида бир нечта транспорт воситаси билан тўқнашув содир этади. Натижада, мазкур автобусдаги йўловчилардан бири Ф.О. ҳамда “Лабо” автомобилининг ҳайдовчиси Г.Д. тан жароҳати олади.
Шу муносабат билан куни кеча, Чилонзор туманидаги 7-сонли автобус паркида ҳайдовчилар иштирокида ушбу йўл-транспорт ҳодисасининг муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Рафиқжон Жалилов ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга, ҳеч қачон ҳушёрликни йўқотмасликка, акс ҳолда бундай бефарқлик аянчли оқибатларга олиб келишини статистик маълумотлар асосида келтириб ўтди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи соҳага оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича иштирокчиларга батафсил тушунчалар берди.
Мазмунли ўтган ушбу тадбир якунида эса, ҳайдовчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мутахассисларга мурожаат этиб, етарлича жавоб олишди.
Қаҳрамон ХУДОЙБЕРГАНОВ,
маёр.
