Ҳафта қаҳрамони 

Жорий йилнинг 12 март куни “Наманган” ЙПХ масканида инспекторлар Т.З. ва И.Ю. ҳайдовчи А.А. бошқарувидаги автомашинани тўхтатади. Ҳайдовчи ҳаяжонланиб, саросимага тушиб қолади. Инспекторлар эса салонни диққат билан текширади. Не ажабки, у ердан 46 хил хорижий дори воситалари чиқади. Афсуски, уларнинг бирортасини ҳужжати бўлмайди.  

А.А. “масалани келишиб” ҳал қилишга уриниш мақсадида отряд командири Д.С.га 1000 доллар пора таклиф қилади. Д.С. эса А.А.ни бир неча марта огоҳлантирди: “Жиноят қиляпсан, оғайни!” Аммо ҳайдовчи “баҳс” қилишда давом этди. Тезкор тадбир ташкил қилинади. А.А. Д.С.га 500 АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринган пайтда қўлга олинади. Айни пайда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тизимда ватанига ва халқига садоқат билан хизмат қилишни ўзининг олий бурчи деб билган мана шундай ходимлар сафи кенгайсин деймиз.