Андижон шаҳрида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Унда аҳолига жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун фуқаролар камида 16 ёшга тўлган, “А” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши ҳамда транспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилиб, рақам олиниши шартлиги тушунтирилмоқда.
— Беш ойдан буён скутер миниб юрибман,-дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Фазлиддин Обидов. -Тадбир давомида уни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рақам олиш зарурлиги ҳақида маълумот берилди. Мавзуга доир барча талабларга риоя қилган ҳолда, албатта, белгиланган тартибда ҳужжатларимни расмийлаштираман. Зеро, бу нафақат бошқаларнинг, балки ўзимнинг ҳам ҳаётим учун муҳимдир.
Тарғибот тадбирларининг асосий мақсади йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари устидан назоратни кучайтириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бу эса авария ҳолатларининг олдини олиш, суғурта тизимини такомиллаштириш ва энг аввало, ҳайдовчи ҳамда йўловчилар хавфсизлигини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Саминжон ҲУСАНЗОДА,
ўз мухбиримиз. Андижон вилояти.
