Мамлакатимиз тинчлик-осойишталиги йўлида тиним билмай хизмат қилаётган ҳарбийларимиз орасида подполковник Самар Омоновнинг ҳам муносиб ўрни бор. Она Ватанимиз ҳимояси йўлида керак бўлса, жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган бу инсон 1984-йилнинг 27-феврал куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида таваллуд топган. 2006-йилда ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юртини (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини) муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 2006-йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Қашқадарё вилоятида жойлашган 7533-ҳарбий қисм гуруҳ командири лавозимида бошлаган ёш ҳарбий хизматчи устозлари ёрдамида касб сирларини мукаммал ўрганиб, кейинчалик, пойтахтимиздаги 7531-ҳарбий қисм взвод командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимидан, баталъон командирининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтади.
Ҳозирда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятида жойлашган 7532-ҳарбий қисм баталъон командири лавозимида самарали фаолият олиб бораётган лавҳамиз қаҳрамони ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш билан бирга, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шунингдек, тиниб-тинчимас Самар Омонов 2020-йилда ўтказилган “Энг илғор касб мутахассиси” кўрик-танловининг “Энг илғор баталъон командири” номинасиясида Қоровул қўшинлари миқёсида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
Шу боисдан, фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб келаётган подполковник Самар Омоновнинг она Ватанимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам юксак қадрланиб, бир неча маротаба мукофотга лойиқ топилган.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
