Лейтенант Эркинов Умиджон Ойбек ўғли 1998 йилнинг 13 январ куни Наманган вилоятининг Норин туманида туғилган. 2020 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тамомлаган.
Илк хизмат фаолиятини 2020 йилнинг август ойида Норин туманидаги “Бўзўлмас” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори лавозимида бошлаган ёш ходим ўтган қисқа давр мобайнида соҳа сир-асрорларини пухта ўрганиб, ҳозирда ҳам мазкур лавозимда самарали хизмат қилиб келаётир.
Асосий вазифаси ушбу ҳудуд аҳолиси тинчлик-осойишталигини таъминлаш бўлган бу ходим хизмат фаолиятини бошлаганидан бугунги кунга қадар, 70 га яқин ҳуқуқбузарлик ва 10 га яқин жиноятларнинг олдини олишга муяссар бўлди. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар содир этган 200 дан ортиқ фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, шундан 40 га яқинига маъмурий тартибда чоралар кўрилди.
Энг қувонарлиси эса, у хизмат олиб бораётган маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Бу ҳам бўлса, ёш ходимнинг ўз ишига бўлган юксак масъулиятидан намунадир.
Ҳозирда 2520 нафар аҳоли яшайдиган мазкур ҳудудда фаолият олиб бораётган Умиджон ҳар куни эрталаб ушбу маҳалла фаоллари билан режа асосида хизмат фаолиятини бошлаган ҳолда ҳудуддаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ёлғиз яшовчи нуронийларнинг хонадонига ташриф буюриб, уларни қийнаётган муаммоларга яқиндан ёрдам бермоқда. Шунингдек, спиртли ичимликка рўжу қўйган ва профилактик ҳисобда турувчи шахсларнинг ҳам уйларига бориб, мунтазам равишда тушунтиришлар олиб бораётир. Шу билан бирга, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам астойидил ҳисса қўшиб, уларнинг 18 нафарини ишга жойлаштирди.
Шу билан бирга, ажрашиш ёқасига келиб қолган 10 га яқин оилаларни яраштиришга муваффақ бўлди.
Шу боисдан, фаолияти давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган лейтенант У. Эркиновнинг хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда.
Шундай экан, тиниб-тинчимас бу ходимга она Ватан осойишталиги йўлидаги машаққатли фаолиятида улкан зафарлар тилаймиз!
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
