Она юртимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан хизмат қилаётган катта сержант Икромжон Назаров 1986-йилнинг 17-декабрида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. 2005-йилда ушбу тумандаги иқтидорли болалар лицей-интернатини 2017-йилда эса, Тошкент ҳарбий округига қарашли Чирчиқ шаҳридаги Сержантлар тайёрлаш мактабини муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 2006-йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимизда жойлашган 7531-ҳарбий қисм сексия командири лавозимида бошлаган ёш ҳарбий устозларидан хизмат сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, ҳозирда Навоий шаҳридаги 7532-ҳарбий қисм гуруҳ командири лавозимида самарали хизмат қилиб келмоқда.
Шу билан бирга, ўзининг тиришқоқлиги ва уддабуронлиги билан барчага намуна бўлиб келаётган ғайрат-шижоатли бу йигит ўзига берилган топшириқларни ҳам жонкуярлик билан адо этаётир. Шунингдек, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келяпти.
Бундан ташқари, ўтган йили Иивнинг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган тиниб-тинчимас бу инсон, ёш ҳарбий хизматчиларни она юртга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам қисм қўмондонлигига яқиндан ёрдам бермоқда.
Шу боисдан, хизмати давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган катта сержант Икромжон Назаровнинг она Ватанимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, кўплаб маротаба рағбатлантирилган.
Шу сабабли, биз ҳам унинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилаб, бундан-да, юқори марраларни забт этишини кутиб қоламиз!
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
