Юртимиз осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишни хоҳлаган маёр Шукурулло Абдураззақов 1987 йилнинг 27 март куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. У 2011 йилда ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини муваффақиятли тамомлайди.

Илк хизмат фаолиятини 2011 йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятида жойлашган 7532-ҳарбий қисм гуруҳ командири лавозимида бошлаган ёш ҳарбий устозларидан хизмат сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, ҳозирда Андижон шаҳридаги 7553-ҳарбий қисм Штаб бошлиғининг ўринбосари лавозимида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Шу билан бирга, ўзининг тиришқоқлиги ва уддабуронлиги билан барчага намуна бўлиб келаётган ғайрат-шижоатли бу йигит 2020 йили ҳарбийлар ўртасида ўтказилган “Энг илғор касб мутахассиси” кўрик-танловининг “Энг илғор гуруҳ командири” номинациясида Қоровул қўшинлари миқёсида фахрли 1-ўринни қўлга киритиш билан бир қаторда ўзига берилган топшириқларни ҳам жонкуярлик билан адо этаётир. Шунингдек, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келяпти.

Бундан ташқари, жорий йилда Ички ишлар вазирлигининг “Қўшин аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган тиниб-тинчимас бу инсон, ёш ҳарбий хизматчиларни она юртга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам қисм қўмондонлигига яқиндан ёрдам бермоқда.

Шу боисдан, хизмати давомида ижобий натижаларга эришиб келаётган маёр Шукурулло Абдураззақовнинг она Ватанимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, кўплаб маротаба рағбатлантирилган.

Шундай экан, биз ҳам унинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилаб, бундан-да, юқори марраларни забт этишини тилаб қоламиз!

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.