Подполковник Очилов Акбар Ҳожиевич 1978 йили Навоий туманида туғилган. 1999 йилда ҳозирги Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтини муваффақиятли тамомлайди. 

Илк хизмат фаолиятини мазкур йилда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Навоий вилоятида жойлашган 7532-ҳарбий қисм взвод командири лавозимида бошлаган ёш ҳарбий хизматчи касб сир-асрорларини мукаммал эгаллаб, 2017 йилнинг август ойигача ушбу ҳарбий қисм командирининг 1-ўринбосари лавозимигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтади. 

Ҳозирда эса, ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Наманган вилоятида жойлашган 7552-ҳарбий қисм командири лавозимида хизмат қилиб келаётган лавҳамиз қаҳрамони ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш билан бирга, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини оширишда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Шунингдек, тиниб-тинчимас Акбар Очилов 2009 йилда ўтказилган “Энг илғор касб мутахассиси” кўрик-танловининг “Энг илғор баталон командири” номинациясида Қоровул қўшинлари ва Қуролли Кучлар миқёсида фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2014 йилда Президент фармонига мувофиқ “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. 

Бундан ташқари, 2019 йили Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун”, жорий йилда эса, 1-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари билан ҳам мукофотланди.

Шу боисдан, подполковник А. Очиловнинг она юртимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматида улкан муваффақиятлар тилаб, келгуси фаолиятида бундан-да, юқори марраларни забт этишини тилаб қоламиз! 

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.