Сафдор Қурбанбаев Эргаш Сарсенбаевич 1981 йилнинг 25 январида Хўжайли туманида туғилган. 1999 йили Қорақалпоқ иқтисодиёт ва тадбиркорлик коллежини тамомлаган.
Илк хизмат фаолиятини 2009 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ППХ ва ЖЦБ Кинология хизматида кинолог-инспектор лавозимида бошлаган ёш ходим ҳозирга қадар мазкур лавозимда соҳа сир-асрорларини мукаммал эгаллаб келмоқда.
Э. Қурбанбаев ўтган фаолияти давомида аҳолининг тинчлик-осойишталигини сақлаш, шу билан бирга, содир этилган жиноятларни “иссиқ изида” фош этишда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили бошқа хизматлар билан ҳамкорликда 8 маротаба жиноят жойига чиқиб, ўзига бириктирилган хизмат ити ёрдамида 6 та жиноятни фош этишга муваффақ бўлди.
Масалан, Тўрткўл туманидаги хонадонларнинг бирига яширин тарзда кирган номаълум шахс, у ерда яшовчи аёл ва унинг қизини шафқацизларча ўлдириб кетади. Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи таркибида бўлган сафдор Эргаш Қурбанбаев эса, уша уйдан унча узоқ бўлмаган жойдан топилган пичоқ бўйича «Сандра» лақабли итига ҳид олдиради ва қотилнинг тахминий яшаш манзилини топишга эришади. Сўнгра, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар билан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида жиноятчи қўлга олинади.
Шунингдек, жорий йилнинг январ ойида ҳам Нукус шаҳрида содир бўлган қотиллик жинояти бўйича воқеа жойига чиқиб, унинг фош этилишига муносиб ҳисса қўшади.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
“Постда” мухбири.
