Капитан Ўринбоев Аслиддин Эргашжонович

Капитан Аслиддин Ўринбоев 1989 йилда Олтиариқ туманининг Бўстон маҳалласида туғилган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2012 йилда бошлаган. Ҳозирда Риштон туманидаги Қайрағоч маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспектори.

Шу йилнинг 22 январ кунидан 23 январига ўтар кечаси капитан Аслиддин Ўринбоев тунги хизматга жалб этилган эди. Соат 00:30 лар чамаси у ўзига бириктирилган Ҳуррамобод маҳалласи ҳудудини назорат қилиб юрганида кутилмаганда рўпарасидан нотаниш йигит чиқиб қолди. У профилактика инспекторининг автомашинасини кўргач, безовталаниб, яна ортига қайтиб юра бошлади.

Қаҳрамонимиз йигитнинг хатти-ҳаракатидан шубҳаланиб, уни тўхтатиб суҳбатлашди. Номаълум шахс суҳбат жараёнида пойма-пой гапириб, инспекторни чалғитишга уринди. Ёнидаги сумкасида сартарошлик касбида фойдаланиладиган бир неча дастгоҳ ва буюмлар бор эди.

Капитан Аслиддин Ўринбоев йигитнинг шахсига аниқлик киритиш ва профилактик суҳбат ўтказиш учун уни туман ички ишлар бўлимига олиб келди. Шу пайт Риштон тумани Минор маҳалласида яшовчи фуқаро А. Мадраҳимов “102” ахборотлаштирилган марказига мурожаат қилиб, ўзига тегишли сартарошхонада ўғрилик жинояти содир бўлгани ҳақида хабар берди.

Дастлабки суриштирувлар давомида мазкур ўғрилик жиноятини капитан Аслиддин Ўринбоев ушлаб келган ўша йигит шериклари билан биргаликда содир этганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов жараёни кетмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.