Катта лейтенант Анвар Абдураҳмонов
Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш турнири якунланиш арафасида. Термиз шаҳридаги “Алпомиш” майдонида тумонат одам тўпланган. Майдон ўртасида эса ғолибларни тақдирлаш маросими ўтаётган маҳал саҳнага Озарбайжонлик спортчи ҳам таклиф этилди. Саҳна орқасида турган спортчи шошганидан қўлидаги уяли телефонини шу ерда турган стол устига қўйди ва совринни қабул қилиш учун шоҳсупага чиқди. Бироз вақт ўтиб, қайтиб келганда стол устидаги телефон ғойиб бўлганди.
Атрофда одам гавжум, спортчи тезда шу ерда турганларга юзланиб, телефони йўқолганини тушунтирди. Аммо, уни тушунишмади чоғи, ҳайратланиб қараб тураверишди. Вазиятни кузатиб турган вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси профилактика катта инспектори, катта лейтенант Анвар Абдураҳмонов меҳмоннинг олдига бориб, инглиз тилида ундан нима гаплигини сўради. Озарбайжонлик спортчи эса бўлган воқеани айтиб, ундан ёрдам сўради. Инспектор вақтни йўқотмаслик учун тезда кузатув камераларини кўздан кечирди. Кўрилган тезкор чоралардан сўнг, меҳмоннинг эҳтиёцизлик натижасида йўқотиб қўйган уяли телефони топиб берилди.
Профилактика катта инспектори Анвар Абдураҳмонов воҳага турли сабаблар билан ташриф буюрган меҳмон сайёҳларнинг йўқолган буюмларини топиб беришда кўп марта ана шундай жонбозлик кўрсатган. Шу боис ҳам ўз ишини пухта биладиган ходимнинг фаолиятидаги кўрсаткичлари мақтаса мақтагулик. Биргина жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи томонидан 489 та маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлса, бунда қаҳрамонимизнинг меҳнати катта.
1990 йил Музработ туманида туғилган Анвар Абдураҳмонов ёш бўлишига қарамай, анча тиришқоқ, ҳаракатчан ходим. Олий таълимни Тошкент темир йўллар институтида олган бўлса-да, кучли иштиёқ уни бугун ички ишлар органларида хизмат қилишга ундаган. Ҳатто, шу йили ўзи орзу қилганидек ИИВ Академиясига сиртдан ўқишга ҳам қабул қилинди.
— Туризм намойиш объэктларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг
олдини олиш муҳим вазифамиздир, — дейди катта лейтенант Анвар Абдураҳмонов. — Чунки, у ерга турли мамлакатлардан сайёҳлар меҳмон бўлиб келишади. Уларнинг тинч, хотиржам саёҳат қилиб, қадимий обидаларимиз, тарихимизни ўрганишлари учун ҳам хавфсиз шароит яратиб беришимиз лозим. Ҳатто, туризм объэктлари атрофига турли чиқиндиларни ташлаш ёки белгиланмаган ҳудудларда тамаки чекиш каби ҳолатларга ҳам бефарқ қараб туролмаймиз. Қолаверса, бу ўша ҳудуд ҳуснини ҳам бузади. Ахир туризм объэктлари нафақат воҳамизнинг, балки бутун Ўзбекистоннинг ҳам юзи саналади.
Жонкуяр қаҳрамонимиз ва ҳамкасбларининг саъй-ҳаракати билан бугун Термиз шаҳридаги Санъат саройи ҳудудида барпо этилган катта боғ ҳамда автошоҳбекатида ҳам тартиб ўрнатилди. Илгари боғ ҳудудида маст ҳолда юрадиганлар ҳам, чиқинди ташлаб, атрофни ифлослантирадиган ҳам учрарди. Бироқ бугун бундайларни сира учратмайсиз. Ҳудудда ўтказилган рейд тадбирлари бунга чек қўйди.
Дарвоқе, ҳар бир инсоннинг севимли машғулоти бўлганидек, қаҳрамонимиз ҳам бадиий адабиёт намуналарини севиб мутолаа қилади. Суҳбат жараёнида охирги ўқиган асари Марсел Брионнинг “Менким соҳибқирон Жаҳонгир Темур” ҳақида тўлқинланиб гапирди. Ундан олган таассуротларию Амир Темурнинг қандай сифатларга эга бўлганлигига оид кўплаб фактларни келтириб ўтди.
Китоб ўқиган одам ўз устида ишлашни хуш кўрадиган, ўсишга қараб қадам ташлайдиганлар қаторида бўлади. Демакки, қаҳрамонимиз ҳам шундай ходимлардан.
Феруза Раҳмонқулова,
“Постда” мухбири,
Сурхондарё вилояти
