Она Ватанимиз осойишталиги йўлида муносиб хизмат қилиб келаётган капитан Мардонбек Отажонов 1990 йилнинг 25 июл куни Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида туғилган. 2014 йилда ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетини муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 2014 йили ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимиздаги 7534-ҳарбий қисм жанговар гуруҳ командирининг махсус тайёргарлик бўйича ўринбосари лавозимида бошлаган ёш ҳарбий хизматчи устозлари ёрдамида касб сир-асрорларини мукаммал эгаллаб, ҳозирда мазкур ҳарбий қисм взвод командири лавозимида самарали фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, ўзининг ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги ва уддабуронлиги билан барчага намуна бўлиб келаётган тиниб-тинчимас бу йигит, ўзига берилган топшириқларни ҳам жонкуярлик билан адо этиб, сафдошларига намуна бўлиб келяпти.
Шунингдек, шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини оширишда, ёш ҳарбий хизматчиларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам ўзининг фидойилиги билан ҳарбий қисм қўмондонлигига яқиндан ёрдам бераётир.
Шу сабабли, фаолияти давомида ижобий натижаларни қўлга киритиб келаётган капитан Мардонбек Отажоновнинг она юртимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан инобатга олиниб, кўплаб маротаба рағбатлантирилмоқда.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
