Лейтенант Сурайё Абдуллаева 1992 йили Бухоро вилояти Пешку туманида туғилган. 2017 йилда ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсини тамомлаб, Навоий шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. 2020 йилдан буён Навоий шаҳар ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи хотин-қизлар масалалари бўйича ката инспектори сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Қаҳрамонимиз ёшлигидан илмга интилувчанлиги боис рус ва инглиз тилларини мукаммал ўрганган. Фаолияти давомида хизматда эришган ютуқлари учун вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан 3 маротаба рағбатлантирилган. Оилада меҳрибон бека, бир фарзанднинг севимли онаси.
Сурайё Абдуллаева хотин-қизлар масалаларига, уларни қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларга бефарқ эмас. Доимо уларнинг дардига шерик ва муносиб ҳимоячисидир. Ўзига бириктирилган 7 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 20 минг 535 нафар хотин-қизларнинг тинч-тотув яшашини таъминлаш йўлида тиним билмайди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш мақсадида 2020 йилда ёш ходиманинг саъй-ҳаракатлари билан 103 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. Жорий йил бошидан ҳозирга қадар бу кўрсаткич 35 нафарни ташкил этади. Ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, хотин-қизларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари, инсоний қадр-қиммати ва шаъни поймол этилишига йўл қўймасликка, жамиятимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Сурайё Абдуллаева фидойилиги ва жонкуярлиги билан кўплаб ҳамкасбларига намуна бўла олади.
Дилрабо АБДУҲАМИДОВА,
сафдор.
Навоий вилояти.
