1997- йилнинг кузида деҳқонободлик Муроджоннинг оиласида қиз фарзанд туғилди. Исмини Муҳаббат дея аташди. Муҳаббат болалигиданоқ барчадан ажралиб турадиган ўта иқтидорли қиз бўлиб чиқди. Мактабда энг аълочи, фаол ва намунали ўқувчи сифатида дадаси ва аясига кўп раҳматлар келтирди. Бу ҳол академик лисейда ҳам такрорланди. Муҳаббат Хидиралиэва Гулистон шаҳар 1-сонли академик лисейини имтиёзли диплом билан тугатиши билан қанот ёзиб, пойтахтга йўл олди. Шу йилнинг ўзида анча-мунча йигитлар етишолмаган орзуга эришди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти бўлди.
Тингловчилик даврида ҳам намунали хулқи, билими ва иқтидори билан барчани лол қолдирган қиз Ички ишлар вазири стипендианти бўлди. “Академия ёшлари” газетасининг чоп этилишига катта ҳисса қўшди. Олий даргоҳни якунлаётганида, беш юзта курсантнинг ичида фақат унга муддатидан олдин катта лейтенант унвони берилди. Уни Сирдарё вилояти ИИБ ХПБ ХҚМБ катта инспектори вазифасига тайинлашди.
Хизмат фаолияти давомида Муҳаббат Хидиралиэва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оилаларнинг бутлигини сақлашга катта аҳамият қаратиб келмоқда. Ўтган уч йил давомида айнан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бошқа давлат органлари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, фуқаролик ишлари бўйича суд ва бошқа органлар ўртасида амалга оширилган чора-тадбирлар кўлами икки баробар ошди.
Айниқса, хотин-қизларни зўравонликдан асраш, одам савдосининг олдини олиш доимий диққат-эътиборида. У оилалар бутлигини асраш йўлида кунига юз чақиримлаб йўл босишдан эринмайди. Бир куни олис Сардоба туманига икки марта бориб келишига тўғри келган. Ўшанда тумандаги оилалардан бирида катта можаро юзага келган, қайнона келинини сиғдирмаган, натижада, у иккита боласини олганича уйдан чиқиб кетган.
Энг қизиғи, у ота-онасиникига ҳам бормаган. Раҳбариятдан топшириқ олган Муҳаббат эрта тонгданоқ Сардобага йўл олиб, келинни излаш ишларида иштирок этди. Изланишлар натижа беравермагач, иш тиғизлиги сабаб вилоят марказига қайтди. Йўл-йўлакай келиннинг таржимаи ҳолини яна бир бор кўздан кечиргач, хаёлига келган фикрни текшириш мақсадида вилоятдаги Меҳрибонлик уйига кириб кетишга қарор қилди.
Қарангки, ўз болаларини Меҳрибонлик уйига топширмоқчи бўлиб турган келинга дуч келди. Ҳаётдан зада бўлиб кетган аёлни алоҳида ҳонага олиб кириб, суҳбатлашгач, уларни олиб ортга, Сардобага қайтди. Оилани яраштириш ишлари ярим кечгача чўзилди. Қаттиқ ўрнатилган назорат сабаб бир йил ичида ушбу оилада оилавий жанжаллар бартараф этилди.
Муҳаббат Хидиралиэванинг иш тажрибасида бу каби мисоллар кўп. У иқтидорли ижодкор. “Тўкилган дардлар” шеърий тўплами чоп этилган. “Йил аёли” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босиқичида “Йилнинг энг ватанпарвар аёли” номинасияси бўйича ғолиб, деб топилган. Оилали. Турмуш ўртоғи Баҳодир Мирзаэв ҳам ички ишлар органи ходими.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
