Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясининг курсантлари таълим жараёнида келгуси хизмат фаолиятлари учун зарур бўладиган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни эгаллашади. Кейинги фаолиятлари давомида эса изланишдан тўхтамасалар, ҳамиша олға интилсалар, ўз касбларининг устасига айланадилар. Ана шундай умидли ёшлардан бири Хуршид Амруллоевдир.

Хуршид Амруллоэв 1992- йили Вобкент туманида туғилиб вояга етди. У 2017- йилда ИИВ Академиясининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишини муваффақиятли тугатган ва шу йили Бухоро шаҳар ИИОФМБ 3-сонли ИИБ ҲПГ профилактика инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Қисқа фурсатда тажрибасини ошириб, ҳамкасблари ҳамда раҳбарият назарига тушди. Айниқса, унга мураббий этиб бириктирилган маёр Ҳамза Тўевдан соҳанинг сир-асрорларини астойдил ўргангани боис обрў-эътибор қозонди.

Капитан Х. Амруллоэв зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этади. Касбий маҳоратини ошириш учун ўз устида тинмай изланади. Шу боис у хизмат олиб бораётган Гулшан маҳалласида жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайишига эришилди. Шунингдек, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани яхши самара беряпти. Аҳолининг кўплаб муаммолари жойида ҳал бўлаётгани ҳам унга бўлган ишончни оширмоқда. У доимий равишда профилактик ҳисобга олинганлар билан суҳбатлар ўтказиб боряпти. Бунинг натижасида оилавий жанжалкашлар ҳамда муқаддам судланганлар тузалиш йўлга кирмоқда. Яраштирув комиссиясининг фаоллиги туфайли кейинги йилларда оилавий низолар камайди. Оилавий ажримларга ҳам йўл қўйилмади. Оила-турмуш доирасидаги жанжаллар ўз вақтида бартараф этилмоқда.

Бундан ташқари, Хуршиджон шаҳар ҳудудида ўтказилаётган профилактик тадбирларда, тарғиботу ташвиқот ишларида, спорт ҳамда кўрик-танловларда ҳам анча фаол. Хусусан, жорий йилнинг 15−16 октабр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Энг яхши профилактика инспектори” кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Яқинда Хуршиджоннинг отаси Абдулло Ядгаров вилоят ИИБ бошлиғининг ташаккурномаси билан тақдирланди.


Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.