1972-йилда шоҳ ва шоир Бобурмирзонинг ватани бўлмиш Андижонда туғилиб вояга етган Дониёр Турғунов қарийб 14 йилдан бери Ватан хизматида. 

Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг ўз бурчини Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ҳабий қисмлардан бирида бошлаган қаҳрамонимиз бугун Термиз халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш баталъони 3-қўриқлаш взводи 3-қўриқлаш гуруҳи командири сифатида фаолият юритмоқда. 

У самимийлиги билан жамоада ҳурмат қозонган. Ғайратли, азамат йигит. Бошлаган ишини охирига етказмасдан қўймайди. Шунинг учун берилган вазифани ўз вақтида ортиғи билан адо этади. Бундай сифатлари учун қаҳрамонимиз уч бора рағбатлантирилган. 

Гуруҳидаги ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий ва жанговар тайёргарлигини оширишда ўзини жавобгар сезади. Муҳими, ҳар бир хизматчининг ҳурматини жойига қўяди, уларнинг ташқи кўринишидан тортиб хизмат вазифасини қандай бажараётганию оиласидаги муаммоларигача қизиқади. Бефарқ қараб турмайди. 

“Тор жойда ош егандан кенг жойда мушт еган яхши”, дейди машоихлар. Аслида тангликда яшайдиган одамнинг феъли ҳам, дунёқараши ҳам танг бўлади. Кенгчиликка нима ецин! 

Дониёр Турғунов билан суҳбатлашсангиз, ана шу кенгчиликни, кенгфеълликни ҳис қиласиз. Ҳар бир нарсага шундай назар билан қарайдиган қаҳрамонимиз ўзгариш ҳам, юксалиш ҳам онгимиздаги ўзгаришдан, кенгфеълликдан бошланади, деб ҳисоблайди. 

Турмуш ўртоғи билан икки фарзандни яхши умидлар билан вояга етказаётган Дониёр Турғуновнинг орзуси уларга яхши тарбия бериш, ота-онасини хизматига, кунига ярайдиган фарзанд мақомига эришишдир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.