Сариосиё туманидаги “Аэропорт” маҳалласида яшовчи фуқародан ички ишлар органига “Қўзигул Файз” савдо мажмуасидаги дўконларнинг биридан 8 млн. 700 минг сўм пул ва 9 та замонавий телефон аппарати ўғирлангани бўйича ариза келиб тушади. Ўғирлик жинояти билан боғлиқ мазкур иш ҳужжати вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси тергов қисми шахсга қарши қаратилган жиноятларни тергов қилиш гуруҳи ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, капитан Феруз Алибоэвга топширилади.
Терговчи ишни синчиклаб ўрганишдан бошлайди. Бироқ унинг ортидан уюшган ҳолда содир этилган яна кўплаб ўғирликларнинг изи топилади. Нафақат Сариосиё, балки Узун ва Денов туманларидаги савдо дўконларидан телевизор, замонавий телефонлар ва катта миқдордаги нақд пуллар ўғирлангани, буни бир жиноий гуруҳ тил бириктирган ҳолда содир этгани ойдинлашади.
Ф.Алибоэв барча ҳолатларни ўрганиб, далилларни топиб, суд ҳукмига ҳавола қилди ва бир гуруҳ жиноятчиларга қонуний жавобгарлик белгиланишига эришди.
Адолатнинг тантанаси ҳеч вақт осон бўлмайди. Қаҳрамонимиз ҳам том маънода унинг таъминланиши учун ўз меҳнати, билими ва тажрибаси билан ҳисса қўшиб келаётир. Унинг фаолияти давомида шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Капитан Феруз Алибоэв 1989 йилда Ангор туманида туғилган. Олий маълумотни ИИВ Академиясида олган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2014 йил Шеробод тумани ИИБ тергов бўлинмасининг стажёр-терговчиси вазифасида бошлаган. Турли лавозимларда ишлаб, тажриба орттирган капитан бугун ҳамкасблари орасида ҳам ҳурмат қозонган.
Дарвоқе, Ф.Алибоэв стол тенниси устаси. Яқинда вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ўтказилган вилоят биринчилигида спортнинг стол тенниси тури бўйича 3-ўринни қўлга киритди.
Яна бир фазилати, шунча юмуши борлигига қарамай, тиниб-тинчимаган қаҳрамонимиз хонадонида оилавий асаларичилик билан ҳам шуғулланади. 150 қути асалари оиласидан бир йилда 2 тоннагача асал олади. Яна томорқасида экилган 100 туп анор дарахти ҳар йили 3-3,5 тонна ҳосил беради. Буларнинг барчаси чинакам меҳнат аслида. Тергов ходимлари орасида шундай меҳнаткаш, тадбирли, ўз ишининг усталари борлигини кўриб, биз ҳам қувонамиз.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
