Капитан Саҳоб Тожиев 1987 йилда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида туғилган. 2009 йилда Жиззах давлат педагогика институтини тамомлагач, соҳадаги фаолиятини Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмасининг 1 взводи ходими вазифасида бошлаган. Айни вақтда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори.
Саҳоб Тожиев масъулиятли, ишчан ва самимий ходим сифатида маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда жамоатчилик фаоллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўя олди. Натижада қонунбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни фош қилиш борасида юқори самарадорликка эришаяпти. Чунончи, у Шароф Рашидов тумани “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ҳ.Н.нинг хонадонида содир бўлган ўғирликни фош қилди.
Турар жойда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган жиноятчи 5 миллион сўмлик 7 дона қимматбаҳо металлардан тайёрланган тақинчоқлар ҳамда уяли алоқа воситасини олиб кетганди. Профилактика инспектори томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу қинғирлик Навоий вилояти Томди тумани “Томдибулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, муқаддам судланган А.Е. томонидан содир этилгани аниқланди ва қўлга олинди.
2020 йилнинг 24 ноябрида Саҳоб Тожиев қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этиб, жавобгарликдан қочиб юрган Шароф Рашидов тумани “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Р.нинг Жиззах шаҳридаги яширин манзилини аниқлаб, ушлади.
Капитан пандемия шароитида фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилишини назорат қилди. Шу билан бирга, маҳалла фаоллари билан биргаликда эҳтиёжманд оилаларга самарали ёрдам кўрсатилишига эришди. Унинг ташаббуси билан 22 нафар оилага доимий равишда ижтимоий кўмак берилди, 3 киши ишга жойлаштирилди. Кам таъминланган 5 нафар аёлга имтиёзли кредит ҳамда 10 нафар фуқарога экин майдони ажратилди.
Капитан Саҳоб Тожиевнинг бу каби эзгу ишлари эътиборга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони асосида ўтган йили “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини мунтазам ўтказиб келаётган Саҳоб Тожиев ҳар жабҳада ёш ходимларга ўрнак бўлмоқда.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
