Маёр Муродулла Турсунматов 1977 йилда Жиззах вилояти Арнасой туманида туғилган. 1999 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини, 2002 йилда эса Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги ўқув марказини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини Жиззах вилояти Зомин тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича инспектори лавозимида бошлади.

Айни вақтда у Бахмал тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика катта инспектори. Меҳнацеварлиги, хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида юқори билим ва касб маҳоратига эгалиги самарали натижаларга эришишида омил бўлмоқда. Маёрнинг саъй-ҳаракати билан хизмат ҳудудида жиноятчилик кескин камайди.

Муродулла Турсунматов томонидан профилактик тадбирлар мунтазам амалга оширилиб, 2020 йилда 150 дан ортиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. 3 нафар шахс устидан маъмурий назорат ўрнатиб, 12 та оилада ажралишнинг олдини олишга муваффақ бўлди.

Худди шундай, бир қатор жиноятларни фош қилишга эришди. Хусусан, 2020 йилнинг 10 январга ўтар кечаси номаълум шахс Ўсмат шаҳарчасида яшовчи Н.Т.га тегишли дўкон ойнасини синдириб кириб, темир сейфда бўлган қиймати 3 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ҳамда шахсий ҳужжатларни ўғирлаб кетган. Маёр М. Турсунматов томонидан амалга оширилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида туманнинг “Қутлуғобод” маҳала фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи тақинчоқлар ўғриси Ш.Н. ушланди.

2020 йилнинг 26 июлида эса Муродулла Турсунматов растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларини содир этиб, жавобгарликдан қочиб юрган, Бахмал туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи Ю.А.нинг яширин манизилини аниқлаб, уни қўлга олди. Маёр муқаддам судланганлар, жиноятга мойил бўлганлар ҳамда ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остидаги шахслар билан профилактик тадбирларни мунтазам ўтказмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш, паспорт тизими қоидаларига амал қилинишини назорат этиш борасида фаоллик кўрсатаяпти.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.