Замирахон 1982 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. У 2005 йилда Тошкент шаҳар ИИБ ҳузуридаги бошланғич тайёрлов ўқув марказини тамомлагач, хизмат фаолиятини Бухоро шаҳар ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида бошлади. Кейинчалик канселярия, алоқа бўлинмаси, жамоат тартибини сақлаш бўлимининг турли лавозимларида фаолият кўрсатиб келди. Ҳозирда Бухоро шаҳар ИИОФМБ жамоат тартибини сақлаш бўлими конвой гуруҳи конвойчиси лавозимида садоқатли хизмат қилмоқда.
Сафдор З. Маҳмудова ҳаётини хизмат фаолиятисиз тасаввур этолмайди. Жамоадаги барча ҳамкасблари унга оға-инидек бўлиб қолишган. Яратганга шукрки, оиласидан кўнгли тўқ. Шунинг учунми, зиммасидаги вазифасини, берилган ҳар бир топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажаришга доимо улгуради. Қолаверса, вилоят ички ишлар органларининг хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларида фаол қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келяпти. У хизматда эришган ютуқлари учун Иивнинг эсдалик қўл соати, шунингдек, вилоят ИИБ ҳамда Бухоро шаҳар Ииофмбнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.
Яқинда ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшганлиги ҳамда 8 март − Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Иивнинг фахрий ёрлиғига лойиқ топилди.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
