Эрта тонг. Ҳали қуёш уйғониб улгурмаган бир маҳалда Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖЦБ ППХ баталъони бўлинма командири, катта сержант Алишер Зокиров йўриқнома йиғинига шошди. Тадбир давомида хизмат йўналиши ҳамда шаҳардаги вазият билан танишди, керакли топшириқларни олди.

Шундан сўнг ҳамкасби сафдор Одил Қувондиқов билан Навоий шаҳрининг Ислом Каримов шоҳкўчасига етиб келишди. Бугун кечга қадар улар шу жойда хизмат ўташади, мазкур ҳудудда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлиги таъминланишига масъул ҳисобланишади. Ушбу шоҳкўча деярли ҳар куни одам билан гавжум. Боиси вилоят ҳокимияти, савдо марказлари, мусиқа мактаби, вилоят шифохонаси, кўплаб умумий овқатланиш масканлари айнан шу кўчада жойлашган.

Хизмат кунининг дастлабки қисми тинч ўтди. Бу ҳақида Алишер Зокиров махсус алоқа воситаси орқали раҳбариятга вақти-вақти билан ҳисобот бериб турди. Тушга яқин шериги билан хизмат машинасида кўча бўйлаб айланиб юрар экан, қарама-қарши томондан ойналари қорайтирилган “Жентра” русумли автомобилъ баланд товушда сигнал чалиб, сирена ёқиб ўтди. Шундай манман кишилар ортиқча хатти-ҳаракатлар билан фуқароларнинг ғашига тегиб, тинчлигини бузишади. Катта сержант Алишер Зокиров зудлик билан машинанинг изига тушди ва ҳайдовчига тўхташ ишорасини қилди.

Автоуловни бошқариб бораётган йигитдан мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўраганида, бехосдан сигнал тугмаси босилиб кетганини важ қилди. Машинага эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари сўралганида эса, йигит ҳайдовчилик гувоҳномасидан бошқа ҳеч қандай асос тақдим эта олмади. Алишер Зокиров унга нисбатан жамоат жойида юриш ҳамда автомашинани бошқариш қоидаларини бузганлиги учун шу кўчада хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими билан бирга баённома расмийлаштирди.

Ушбу воқеадан сўнг кўп ўтмай алоқа воситаси орқали чақииб қолишди. Ходимлар зудлик билан кўрсатилган жойга етиб боришди. Қарашса, хабарда айтилганидек, кўп қаватли уйнинг кириш қисмида ҳақиқатан ҳам икки киши жанжаллашаётган эди. Бирининг қўлида ошхона пичоғи. Важоҳатидан қўрққулик. Вазият анча қалтис. Алишер Зокиров чаққонлик билан унинг қўлидан пичоқни тортиб олишга муваффақ бўлди. Тартиббузарлар ҳуқуқ тартибот-масканига олиб келиб топширилди. Қаҳрамонимизнинг тезкорлик билан тўғри қарор қабул қилганлиги ва эпчиллиги натижасида яна бир кўнгилсиз ҳодисанинг, балки фожианинг олди олинди. Хайриятки, ҳеч кимга тан жароҳати етмади.

– Жамиятда турли феъл-атворга эга инсонлар бор. Улар орасида арзимас сабабдан жанжаллашадиганлар, кўча-кўйда юриш-туриш қоидаларини писанд қилмайдиганлар ҳам учраб туради. Ҳамюртларимизнинг тинч ҳаёт кечириши, хотиржам ишлаши, таълим олишини таъминлаш учун биз туну кун хизмат қилишга тайёрмиз, – дейди лавҳамиз қаҳрамони.

Алишер Зокиров қарийб 9 йилдан буён шу соҳада фаолият олиб боради. Навоий шаҳрида жамоат жойларида тинчлик-осойишталикни сақлаш билан бир қаторда ўтказилаётган оммавий тадбирлар чоғида хавфсизликни таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Масалан, ўтган йили мингга яқин жамоат тартибини бузган фуқароларга нисбатан чора кўрган, 7 та юз бериши мумкин бўлган жиноят ва нохуш ҳолатни бартараф этган. У хизмат пайтида ёрдамга муҳтож бирор одамни назаридан қочирмайди. Қария дейсизми, ногиронлик аравачасидаги кишими ёки мактаб ўқувчисими – барчасига кўмаклашишга ошиқади. Шунинг учун жамоасида ҳам, аҳоли орасида ҳам ўз обрўйига эга.

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.