Тошкент вилояти ИИББ Биринчи минтақавий ҳудуд Юқоричирчиқ тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими Йўл-патрул хизмати гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Илёс Дадаэв 1984-йил Ўртачирчиқ туманида туғилган. 

Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2009-йилда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги шаҳар ва туманлараро қўриқлаш бўлими, 1-милиция отряди 2-милиция взводининг милисионери лавозимидан бошлаган. Кейинчалик вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ баталъони учинчи ЙПХ отряди биринчи сафарбар гуруҳининг ЙПХ инспектори, вилоят ИИББ Биринчи минтақавий ҳудуд Паркент тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ гуруҳи ЙПХ инспектори лавозимларида самарали хизмат қилди.

Ота-онанинг дуосини олган элда азиз бўлади, дейишади. Илёс ҳам ота-онаси ва устозларининг панд-насиҳатларига амал қилиб кам бўлмади. Интилувчанлик ва тиришқоқлик, ўз манфаатидан Ватан манфаатини устун қўйиш, фуқароларга хушмуомала бўлиш сингари инсоний фазилатлари сабаб ҳамкасблари ва раҳбарият олдида ўзининг алоҳида ўрни бор. Илёс Дадаэв хизмат жараёнида йўлларда ҳаракатни тартибга солиш, йўловчилар учун хавф туғдириши мумкин бўлган, жумладан, маст ҳолатда транспорт воситани бошқариш, светофорнинг қизил чироғи ёниб турганда ўтиш, одам ташиш қоидаларини бузиш сингари қоидабузарликларнинг олдини олишга самарали ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 160 дан ортиқ ана шундай ва бошқа турдаги қоидабузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирди.

– Ҳар бир инсон хоҳ йўловчи, хоҳ ҳайдовчи бўлсин манзилига соғ-саломат етиб боришни истайди, – дейди қаҳрамонимиз. – Шу боис йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш зиммамизга улкан масъулият юклайди. Ҳайдовчи транспорт воситасини бошқарар экан, бир сония ҳам ҳушёрликни йўқотмаслиги зарур. Асосий мақсадимиз, йўлларда ҳаракат иштирокчиларининг фаромушлик ёки лоқайдлиги сабаб кимдир зарар кўришининг олдини олишдан иборат.

Бугунги кунда умр йўлдоши Гулмира Дадаэва билан шириндан шакар фарзандларини тарбиялаб вояга етказаётган Илёс Дадаэвнинг орзулари улкан. Унинг ниятлари амалга ошишига ишонамиз. Зеро, она Ватанимиз осойишталиги йўлида фидойилик билан хизмат қилиш ва билдирилган ишончни оқлаш орзу-мақсадларининг рўёбга чиқиши йўлидаги муҳим кўприкдир.

Шерзод Абдусамадов,

«Постда» мухбири.

Абу Кенжаэв олган сурат.

Тошент вилояти.