Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида шахсий таркибда хизмат ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят Ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ҳамда соҳавий хизматлар масъуллари қатнашди. Йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи, полковник Мухтор Мирзиёэв сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Жумладан, соҳани халқ манфаатларига сифатли хизмат қиладиган, криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қодир профессионал тизимни шакллантириш, жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ва замонавий ахборот-коммуникасия воситалари билан таъминлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ўзгаришлар тилга олинди. Ўз навбатида соҳанинг айрим вакиллари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиш ҳолатлари хусусида атрофлича маълумот берилди. Ички ишлар органлари раҳбарларининг ходимлар борасидаги масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда тарбиявий профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга оид режалар белгилаб олинди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
