Вилоят ИИБ ЖХХ Жцбда ППХ баталёни ходимлари ва уларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда бошқарма бошлиғи, полковник Сардорбек Раҳимов иштирок этиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.
Айниқса, уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олишлари учун имтиёзли банк кредитлари ажратилаётгани, саломатлигини тиклаш учун дам олиш ва даволаниш масканларига тиббий йўлланмалар, фарзандларига таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар берилаётгани ҳам айнан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги тилга олинди.
Йиғилишда хизмат вазифасига масъулият билан ёндашиб, ижобий натижаларга эришаётган ҳамда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ходимларнинг ота-оналарига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномалари топширилди. Шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида камчиликларга йўл қўйиб, шахсий таркиб ўртасида носоғлом муҳитни вужудга келтираётган ходимларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда баталён шахсий таркиби билан олиб борилаётган маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
