Маҳаллада криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини
олиш мақсадида «фуқаробай» ва «хонадонбай» ишлар самараси ўлароқ, аҳолининг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбайи билан таъминлаш чоралари кўрилди. Жумладан, «Аёллар дафтари»га рўйхатга олинган 95 нафар хотин-қизнинг қарийб 80 фоизи бандлиги таъминланди. Худди шундай, «Ёшлар дафтари»да турган Шаҳзод Солиевга 100 миллион сўм кредит олиб берилгач, мебел ясаш сехи фаолияти йўлга қўйилди. Натижада
15 нафар ёш ишли бўлди.
– «Маҳалла тарғиботчиси» жамоатчилик гуруҳлари аъзолари аҳоли ўртасида самарали тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боргани жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутди, – дейди профилактика катта инспектори, подполковник Фахриддин Йўлдошев.
Маҳаллада намунали кўча, намунали йўлаклар ташкил этилди. Кириш-чиқиш жойларига 73 та видеокузатув камераси, қуёш батареяси орқали ишлайдиган 140 та тунги ёритиш чироғи ва бир нечта ташвиш ва СОС тугмалари ўрнатилди. Ўрнатилган кузатув камераларининг 8 таси
360 градусли, 12 таси юзни таниб олувчи, 6 таси автомашиналар давлат рақамини рўйхатга олувчи камералардир. Ушбу видеокузатув мосламалари ва ташвиш тугмалари ситуацион марказ ҳамда «Қалқон» дастурига интеграция қилинди.
Амалга оширилган ишлар ўзининг ижобий натижасини берди. Маҳалла жорий йилнинг август ойида «қизил»дан «сариқ» тоифага ўтказилди. Айни кунларда эса маҳаллани «яшил» тоифага ўтказишга қаратилган ишлар жадал давом этмоқда.
Содиқ РАҲИМОВ,
ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
