ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД тасарруфидаги Жиэмда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, буюк аждодлар меросига ҳурмат, мустақилликка садоқат, юксак ватанпарварлик руҳини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Олтинчи минтақавий ҳудуд тасарруфидаги 1-сонли жазони ижро этиш муассасасида ҳам “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи, шоир Шодмон Сулаймон, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бошлиғи Марҳабо Пардаева ҳамда минтавақий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи, подполковник Шуҳрат Ражабовлар иштирок этиб, йиғилганларга мамлакатимизда маънавият ва маърифат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳияти тўғрисида керакли тушунчаларни бериб ўтдилар.

Шундан сўнг “уста-шогирд” анъаналари асосида ташкил этилган касб-ҳунар ўқув курсларини мувафаққиятли тамомлаган 22 нафар маҳкумга вилоят “Ҳунармандчилик” уюшмаси билан ҳамкорликда тегишли сертификатлар тантанали равишда топширилди. Бу каби тадбирлар маҳкумларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишда, шунингдек, пушаймонлик ҳиссини шакллантириб, оила ва жамиятга маънавий соғлом бўлиб қайтишларига ёрдам беради, десак, муболаға бўлмайди.  

 Шуҳрат ЎРИНОВ,

подполковник.

Бухоро вилояти.