Яккабоғ тумани Иибда Жиноят ишлари бўйича туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда пробация гуруҳи назоратидаги 5 нафар шахсга нисбатан туман ИИБ томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд назоратда турган бу шахсларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтгани, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилгани ва қилмишининг моҳиятини англаб, ўзларига тегишли хулоса чиқарганлигини инобатга олиб, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этди. Шунингдек, белгиланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқармагани, тайинланган чеклаш қоидаларини бир неча маротаба қўпол равишда бузгани учун 2 нафар шахснинг жазосини оғирроқ турдаги жазога алмаштириш тўғрисида ажримни эълон қилди.
Сайёр суд ниҳоясида назоратдаги шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Тадбирда 4 нафар шахсга ишга жойлашиши учун йўлланмалар берилди.
Содиқ РАҲИМОВ,
“Постда” мухбири.
Қашқадарё вилояти.
