– Қалин дўстим, ёшликдан бирга катта бўлган синфдошимнинг туғилган кунига неча йилдан бери боролмасдим. Ўртоғим бундан хафа бўлса ҳам, менга билдирмас, «Дўстим, тушунаман, хизматчилик», деб қўярди, – дея ҳикоя қилади лавҳамиз қаҳрамони. – Лекин шу йил унинг таваллуд кунида вақт топиб, уйига бордим. Қарасам, ҳамма синфдошларим йиғилишган экан. Менга кўзи тушганлар «Ана, товуқ ўғрисини топган Нурсултон келди!» деб бақиришди.
Тўғриси, болалигимда юз берган ўша воқеани деярли унутган эканман, шу куни ёдимга тушди. Синфдошим Мирза ён қўшнимиз эди. Отасидан эрта етим қолганди. Онаси Ҳалима опа кун бўйи далада ишлаб, болаларини боқарди. Бир куни бизникига чиқиб, гап орасида онамга «Уч кундан буён жўжаларим йўқоляпти. Бирор ит еб кетдимикин, десам, изи йўқ», деб дарди ҳол қилдилар. Бу гапни эшитиб, жуда жаҳлим чиқди. Ким экан ўша ўғри деб ўйлаб қолдим. Эртасига мактабга кетдим деб уйдан чиқиб, Мирзаларнинг ҳовлисига кирдим. Маккажўхорилар бўйимдан баланд эди. Маккапоя орасига яшириниб, ўғрини пойлай бошладим. Икки кунги уринишим зоэ кетди, аммо учинчи кун ўғри кимлигини аниқладим.
Кўчада майда-чуйда буюмлар сотиб юрадиган эр-хотин бўларди. Улар дарчадан ичкарига кириб: «Ким бор?» дея бақиришди. Сал бўлмаса «Ҳеч ким йўқ» деб юбораёздим. Пистирмада турганлигим ёдимга тушиб, нафасимни ичимга ютдим. Иккови товуқ катакни очиб, бир нечта жўжани қопига жойлаб, жўнаб кетишди. Ўша кезлари дадам жазони ижро этиш муассасасида хизмат қиларди. Унинг ишдан қайтишини сабрсизлик билан кутдим. Аксига олиб, йўлда дадамни синф раҳбаримиз кўриб қолиб, менинг
3 кундан бери мактабга бормаётганимни айтибди. Отам уйга киришлари билан олдига югуриб бордим. У киши эса мени савалай кетдилар. Йиғлай-йиғлай бўлган воқеани айтиб бердим. Дадам мени қучоқлаб, бу ишим учун мақтаб, лекин мактабдан қолиш яхши эмаслигини тушунтириб, бошимни силадилар. Шундай қилиб, менинг гувоҳлигим асосида ўғри атторлар қўлга олиниб, айбига иқрор бўлишди. Ҳалима хола эса ҳар гал мени кўрганда «Ўзимнинг изқувар болам», деб алқаб қўярдилар.
Ана шу изқувар бола, яъни Нурсултон Ҳасанов кейинчалик мактабни битиргач, 2018-йилда ИИВ Академиясида «Жиноят қидирув» йўналиши бўйича таҳсил олиб қайтди. Ҳозирда Кармана тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, катта лейтенант. Болаликда бўй кўрсатган изқуварлик қобилияти, таълим муассасасида, хизмат жараёнида устозларидан ўрганганлари жиноятларни фош этишида қўл келяпти.
Туманнинг «Кўҳнақўрғон» маҳалласида истиқомат қилувчи Шомурод ака ўзи яшаб турган хонадонда қоғозни қайта ишлаш сехи фаолиятини йўлга қўйди. Шу тариқа, оила аъзоларидан ташқари яна икки йигитни иш билан таъминлади. Дам олиш куни тунда уйда ҳеч ким йўқ эди. Кимдир қулай фурсатдан фойдаланиб, Шомурод аканинг сейфидан 50 млн сўм пулларни ўғирлади.
Жиноят жойида из қолдирилмагани ўғрини топишда қийинчилик туғдирди. Жабрланувчининг қўшниси уйига кираверишда камера ўрнатган экан. Ана шу камерага такси белгили «Матиз» русумли машинанинг тасвири тушиб қолган эди. Катта лейтенант Нурсултон Ҳасанов видеокузатув мосламасидаги лавҳани қайта-қайта кўздан кечириб, ҳайдовчининг оқ-қора йўлли спорт кийимидан бошқа белгисини топмади. Шундан сўнг «Матиз» русумидаги таксиларни кузата бошлади. Ниҳоят бир неча кундан сўнг худди шундай спорт кийимидаги ҳайдовчини топди. Сўроқ қилинганида, у айбига иқрор бўлди. Жиноятчи Шомурод аканинг ишонган ишчиси бўлиб чиқди. У сейфда кўп миқдорда пул борлигини сезган. Икки ўртоғини ёллаб, сейфни бузишган. Ўлжани эса уччовлон бўлишиб олишган. Қаҳрамонимизнинг синчковлиги, тезкорлиги туфайли жиноятчилар қисқа вақт ичида қўлга олинди.
Нурсултон оилада тўнғич ўғил. У кўп йиллар жазони ижро этиш колониясида хизмат қилган отасидан тартиб-интизомли, шижоатли ва масъулиятли бўлишни ўрганган. Ёш бўлишига қарамай, изқуварлик илмини чуқур эгаллаб, тенгдошларига ўрнак бўлмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА,
«Постда» мухбири.
Навоий вилояти.
