Бухоро шаҳридаги 8-ўрта умумтаълим мактабида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва Ватан ҳимоясидек шарафли касбга қизиқишини орттириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Тадбирда вилоят ИИБ барча соҳавий хизматлари ўзларининг қурол-аслаҳа, махсус восита ва махсус техникалари билан иштирок этишди.

Вилоят ИИБ ЖЦБ Кинология хизмати ходимлари хизмат ити ёрдамида жиноятчиларни ушлаш тактикаси ва гиёҳванд моддаларни аниқлаш техникасини намойиш этган бўлса, ИИВ Бухоро академик лицейи тингловчиларининг кўргазмали чиқишлари тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.

Шунингдек, ҳаракатланувчи мобил криминалистик лаборатория ва техника воситалари намойиши ўтказилиб, лабораториянинг афзалликлари ва самарадорлиги ҳамда эксперт-криминалистика фаолиятининг замонавий имкониятлари ҳақида илмий-амалий кўргазма ташкил этилди. Қолаверса, Мудофаа вазирлигига қарашли 28803-ҳарбий қисм оркестри ва фахрий қоровул чиқишлари тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.

Тадбир мобайнида ИИВ Бухоро академик лицейи раҳбарияти томонидан ўқишга кириш истагида бўлган ёшларга барча шарт-шароитлар тушунтириб ўтилди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги тизимида қўлланилаётган қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар ва махсус воситалар тўғрисида тушунча бериб ўтилди. Тадбирда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ў. ҲАМИДОВ,

подполковник.

Бухоро вилояти.