Қўқон шаҳридаги «Урганжибоғ» маҳалласида ташкил этилган янги ҳуқуқ-тартибот маскани 5 та маҳалла ҳудудини қамраб олиши режалаштирилган. Қисқа фурсатларда замонавий кўринишга келтирилиб, фойдаланишга топширилган ушбу маскан бош инспекторига янги хизмат автомашинаси, шаҳар ҳокимлиги томонидан ходимларга мотоскутерлар ва компъютер жамланмалари топширилди.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га асосан, вилоят ҳудудидаги 20 та замонавий ҳуқуқ-тартибот маскани ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу масканлар орқали 100 та оғир тоифадаги маҳаллани қамраб олиш ва жиноятчиликни жиловлашда янгича ёндашувлар асосида иш ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Айни пайтда ушбу ҳуқуқ-тартибот масканларининг барчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Шу ўринда Фарғона шаҳридаги Абдулла Қодирий номли маҳаллада ташкил этилган янги ҳуқуқ-тартибот маскани очилганини таъкидлаш жоиз. Ҳуқуқ-тартибот маскани жойлашган микроҳудудда 5 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, улардаги 4000 та хонадонда 27 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Янги маскан эса ушбу аҳолини кенг қамраб олиш ва профилактик ишларни янгича ёндашув асосида олиб бориш имкониятига эга. Айниқса, маҳалла тўлиқ рақамлаштирилиб, кузатув камералари ҳуқуқ-тартибот масканидаги ситуасион марказга интеграция қилингани жиноятчиликни жиловлашда қўл келади.
Ўз мухбиримиз.
