Малика аёллар учун осон бўлмаган касбни-осойишталик посбони бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Албатта, қизиқиш, интилиш, изланиш орзуга эришишнинг муҳим омилидир. Буни яхши англаган Малика Боғот туманидаги 3-умумтаълим мактабини тамомлагач, Тошкент ҳуқуқшунослик коллежига ўқишга кирди. Ҳуқуқ илмини чуқурроқ эгаллашга интилган бу қиз соҳага оид адабиётларни қунт билан ўқиди, ўрганди. Коллежни битиргач, ИИВ Академияси қошидаги Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсига ҳужжатларини топширди. Малика ушбу синовдан ҳам муваффақиятли ўтиб, курсантлар сафига қабул қилинди. Оиладаги қатъий тартиб-интизом унинг бу илм даргоҳидаги муҳитга тезда кўникиб кетишида ўзига хос муҳим ўрин тутди. Кичик сержант унвони ва малакали мутахассис дипломига эга бўлган Малика Матниёзова Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ ҳузуридаги вояга етамаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида хизмат фаолиятини бошлади. Зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндошиш самарали натижаларга эришишнинг муҳим омили эканлигини яхши англаган лавҳамиз қахрамони ёшларга хос ғайрат-шижоат билан хизмат қила бошлади. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда бор билим ва маҳоратини ишга солди. Устозларининг маслаҳатларига, ўгитларига, насиҳатларига амал қилди. Зиммасидаги топшириқларни ўз вақтида бажаришга интилди.
Орадан уч йил ўтгач, кичик сержант М. Матниёзова хизмат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Хоразм вилоятида давом эттиришни сўраб, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятига мурожаат қилди. Ёш бўлса-да, ижобий ютуқларга эришаётган бу қизнинг мурожаати кўп ўтмай қаноатлантирилди. Энди у хизмат фаолиятини Боғот тумани ИИБ М ва ФРБ инспектори вазифасида давом эттирди. Пойтахтда тўплаган ҳаётий тажриба бу ерда унга қўл келди. Хизмат вазифасига масъулият билан ёндошган кичик сержант Малика Матниёзова ИИВ Академиясини ҳам сиртдан тугатди. Айни кунда у Боғот тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи катта мутахассиси лавозимида хизмат қилмоқда.
-Истиқлол тенгдоши бўлганимдан фахрланаман,-дейди лавҳамиз қахрамони лейтенант Малика Матниёзова.-Чунки шундай дориломон кунлар шарофати билан ташкил этилган нуфузли таълим даргоҳларида ўқидим ва юртимиз осойишталигини таъминлашдек шарафли касб эгаси бўлдим. Ўн бир йиллик хизмат фаолиятим мобайнида озми-кўпми ютуқларга эришдим. Бу Истиқлолнинг менга берган инъомидир.
Ҳаёт машаққати ва қийинчиликларини енгиб ўтган киши албатта мақсадига эришади. Буни лейтенант Малика Матниёзованинг ҳаёти ва хизмат фаолияти мисолида яна бир бор англаб етдик.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
