Моҳигул болалигидан ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди. Мақсадига етиш учун 2018-йилда ИИВ Академиясини тамомлади. 

 – Соҳага меҳримни оширгани ва мени ҳар доим қўллаб-қувватлагани учун Абдураҳим бобомдан беҳад миннатдорман, – дейди Самарқанд шаҳар 

ИИОФМБ 4-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, капитан Моҳигул Худойбердиева.

Моҳигул Худойбердиева соҳасига алоқадор янгиликлардан хабардор бўлиб боради. У ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Ҳузурига мурожаат билан келган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишга, оғирини енгил қилишга кўмаклашади. 

– Иккаламизнинг ҳам мақсадимиз муштарак, яъни эл-юрт осойишталигини таъминлаш. Битта тизимда хизмат қилганимиз учун бир-биримизнинг машаққатларимизни яхши тушунамиз, – дейди Самарқанд шаҳар ИИОФМБ 5-сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Улуғбек Турдибоев.

Ҳаётда ҳамкор, ҳамқадам, ҳамнафас қўшқанотлар хизматдан қайтгач, оилавий масалалардан ташқари, беихтиёр хизмат жараёнлари, кимларга ёрдам бергани, ҳал этган муаммолари, эртанги режалари ҳақида ҳам суҳбатлашишади. Ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат улар ҳаётининг устунларидир. Ота-оналарининг дуосидан куч олаётган катта лейтенант У.Турдибоев ва капитан М.Худойбердиева мақсадлари йўлида собитқадам, юрт осойишталигига камарбаста.

– Фарзандлар камоли учун ота-она доимо масъул. Қизингиз келин бўлиб тушган хонадонида тиниб-тинчиб, бахтли яшаса онанинг кўнгли хотиржам бўлар экан. Шукурки, мен ана шундай бахтли аёлман. Қизим Моҳигул куёвим билан биргаликда эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишяпти. Бундан фахрланаман, – дейди биз билан суҳбатда Моҳира Худойқулова.  

Ҳар қандай аёлнинг турмуш тарзи, кун тартиби режали бўлади. Капитан М.Худойбердиева рўзғор юмушларини бажаришга ҳам, муаммоли оилалар билан ишлашга ҳам, ўқув машғулотларида иштирок этишга ҳам улгуради. Турмуш ўртоғи билан иккиси фарзанди Элнурбекни комил инсон қилиб улғайтиришга интилишяпти. 

Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.