Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат
Мирзиёев раҳнамолигида миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини ошириш,
унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий армиямизни ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар замирида, биринчи навбатда, замонавий мудофаа салоҳиятига эга бўлган, маҳорати юксак, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам мукаммал ҳаракат қила оладиган армияни шакллантириш, иккинчидан, дунё ва мамлакатимиз ҳарбий ютуқлари, илғор тажрибаларидан унумли фойдаланиш, учинчидан, ҳарбий хизматчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларнинг профессионал тайёргарлигини янада кучайтириш ётади. Су мақсадда ўтган даврда мамлакат мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш борасида соҳанинг норматив-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Мудофаа доктринаси қабул қилинди. Қуролли Кучларнинг ташкилий тузилмаси, жанговар таркиби ва шайлиги кучайтирилиб, юртимиз мудофаа салоҳияти мустаҳкамланди. Бунда контракт асосидаги ҳарбий хизматчиларнинг улуши йил сайин ўсиб, қўшинларнинг замонавий қурол-яроғлар билан жиҳозланиш даражаси янада оширилди.
Замонавий таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар Қуролли Кучларимизнинг жанговар ҳаракатлар жараёнида илгари амалда қўлланилмаган қуроллардан фойдаланадиган кучларга қарши кураша олиш қобилиятини оширишни тақозо этмоқда. Шу сабабли, 2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида юртимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш энг муҳим устувор вазифалардан бири этиб белгиланди ва бу борада кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, мудофаа тизимини такомиллаштириш, қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ҳозирги даврнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Чунки умумий хатарларга қарши биргаликда курашишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Дунё ва МДҲ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўтказилаётган ҳарбий мусобақаларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари жамоаларининг мунтазам ғалабаларга эришаётганлиги мамлакат етакчиси томонидан белгиланган изчил ислоҳотларнинг ижобий самарасидир.
Мудофаа вазирлиги жамоаси 2024-йилда Буюк Британияда бўлиб ўтган «Кембрия патрули» мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, Жанубий Кореяда ўтказилган илмий-ҳарбий тайёргарлик бўйича халқаро мусобақаларнинг мутлақ ғолибига айланди.
Қуролли Кучларимиз қўшни давлатлар билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Жумладан, 2024-йилда Қозоғистонда ўтказилган «Бирлестик – 2024» ўқув машғулотлари доирасида юртимиз ҳарбийлари Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва тожикистонлик ҳамкасблари билан биргаликда жанговар-тактик ҳаракатларда иштирок этишди.
Ҳиндистон билан ҳамкорликда «Термиз» полигонида ўтказилган «Дўстлик – 2024» ўқув машғулотларининг бешинчи босқичида қуруқлик ва ҳарбий ҳаво кучлари мутахассислари иштирок этиб, асосий эътибор терроризмга қарши курашиш ва бошқа
операцияларда бўлинмалар ўртасидаги мувофиқлик ва жипсликни оширишга қаратилди.
2024-йилда Юртбошимиз бошчилигида жанговар шайлик ва хизмат самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор қонунчилик ўзгаришлари ҳам қабул қилинди.
Армиямиз айни пайтда модернизация асосида замонавий алоқа тизимлари, учувчисиз ҳаво аппаратлари, бронетехника ва разведка воситалари билан таъминланмоқда.
Ўзининг бой ва шонли тарихига эга бўлган ИИВ Қоровул қўшинлари ҳам мамлакатимиз осойишталигини таъминлаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис қўшинлар тайёргарлигининг интенсивлиги ва сифатини кучайтириш, шунингдек, ҳарбий қисмларнинг жанговар шайлигини ва бошқарувини такомиллаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий кўникма ва маҳоратини ошириш мақсадида ҳар йили қўмондонлик-штаб, тактик-махсус ва тактик-саф машқлари ҳамда жанговар шайлик текширувлари ўтказиб келинади. Натижада уларнинг жанговар тайёргарлик даражаси янада оширилиб, юклатилган вазифалар ўз муддатида тўлалигича адо этилмоқда.
Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли равишда узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар билан таъминланмоқда. Хизмат вазифасини фидойилик билан адо этиб келаётган ҳарбийларнинг фарзандларига республикамиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзли тавсияномалар бериляпти. Соғлиғини тиклаш учун санаторий ва курортларда дам олиб келиш истагида бўлган ҳарбий хизматчилар учун ҳам имкониятлар яратилмоқда. Ҳатто тинчлигимиз ҳимоячиларининг оилавий шароитини янада яхшилаш ва турмуш ўртоғининг бандлигини таъминлаш мақсадида улар мономарказларда касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
