Юксак мукофот соҳиблари
Шўрчи туманидаги Бахшитепа маҳалласида яшовчи Бегимой Абдижабборова 72 ёшида Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг ташаккурномасини олганида, ўғли Ҳусниддиннинг болалиги кўз олдидан ўтди: 5 ўғил ва 2 қизнинг ичида энг кенжаси бўлса-да, Ҳусниддин эркалик қилмас, ишдан эса, сира қочмасди. Ҳатто акаси ва опаси учун ўз орзусидан воз кеча олишдек жасорат ҳам кўрсатганди. Ҳусниддин олий ўқув юртига шартнома асосида ўқишга кирганди. Бироқ ҳам акаси, ҳам опаси шартномада ўқиётгани, ота-онасининг қийналиб қолишини ўйлаб, у ўқишни ташлаб, пойтахтда ўқиётган талаба жигарларининг кам-кўсти учун ишлашга қарор қилди.
Кўп йиллар шу тариқа меҳнат қилди. Аммо кам бўлгани йўқ. Орада муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтди. Сўнгра ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларида таҳсил олди. Шундан кейин Сирдарё вилояти ИИБ Тхтбга қарашли Ховос темирйўл бекатидаги тармоқ ИИБ Чиноз темирйўл кўпригини қўриқлаш отряди навбатчилик қисмида инспектор-навбатчи вазифасида хизматни бошлади.
Ҳусниддиннинг олий маълумотли бўлиш орзуси ушалмаган бўлса-да, ота-онасининг дуосини олишдек бахтга муяссар бўлди. Зеро, ота-она дуоси кишини энг улуғ мартабаларга кўтариши бор гап.
... Кузнинг салқин ҳавоси ҳукмрон тунларнинг бирида Ҳусниддин навбатчилик ўтарди.
Тунги учлар атрофида «Қумқўрғон» бекатига поезд келиб тўхтади. Вагонлар деярли бўм-бўш бўлса-да, Ҳусниддин одатини тарк қилмай, уларни кўздан кечира бошлади. Шу пайт одамларнинг шубҳали пичир-пичири қулоғига чалинди. Юраги ниманидир сезгандай, вагонларни қайта-қайта текширишга ундади. Сирдарёда ишлаганида вагонларнинг яширин жойларини қандай текшириш кераклигини тажрибада ўрганганди. Бу тажриба қўл келди. У битталаб, вагоннинг остки қисмларини ҳам синчиклаб қаради ва кўзи бир нарсага тушди-ю, яшин тезлигида хаёлига келган ўйдан сергак тортди. Зудлик билан бошқарма навбатчилик қисмига ва раҳбариятга шубҳалари ҳақида хабар қилди.
Бу орада поезднинг тўхташ вақти тугаб, юра бошлади. Ҳусниддин сакраб вагонга чиқди, аммо ичкарига кира олмай, уч бекат шу алфозда кетди. Тўртинчи бекатга етганида бир амаллаб, вагонлардан бирининг ичкарисига киришга муваффақ бўлди. «Дарбанд» бекатида эса Ҳусниддиннинг хабари билан етиб келган махсус отряд вагоннинг яширин қисмига беркитилган катта миқдордаги гиёҳванд моддани топди...
Вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси «Қумқўрғон» бекатидаги бўлинма навбатчилик қисми инспектор-навбатчиси вазифасида хизмат қилаётган катта сержант Ҳусниддин Янгибоев катта миқдордаги гиёҳванд моддасини аниқлаб, ушлашда жасорат кўрсатгани учун юксак мукофотга тавсия этилди.
Ҳусниддин Янгибоев билан суҳбатлашсангиз, унинг юраги тоза, бир сўзли мард йигит эканига амин бўласиз. Сўзида ҳам, юзида ҳам, ҳатто ҳаракатларида ҳам бир жайдарилик зоҳир эканини кўрасиз. Ўз вазифасини сидқидилдан адо этадиган танти қаҳрамонимиз Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида Президентимиз фармони билан жамиятда тинчлик-осойишталик ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати, шарафли ва муқаддас бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун «Жасорат» медали билан тақдирланди.
– Ватанни асраш, уни турли ғараз ниятли кишилардан ҳимоя қилиш шу диёрда туғилиб, ўсган ҳар бир йигитнинг бурчидир, – дейди катта сержант Ҳусниддин Янгибоев. – Камтарона хизматларим эвазига ушбу мукофотга муносиб кўришганидан бошим кўкка етди. Билдирилган бундай юксак ишонч мени яна дадилликка, фидойи бўлишга ундайди.
Ҳаётда яқинларини қадрлай билиш ҳам мардлик, жасорат аслида. Бундай одам қоқилса ҳам, йиқилса ҳам оғриқлар билинмайди. Чунки уни елкасидан тутувчилар, суягувчилар бор. Уларнинг меҳри синовларни мардонавор енгишга ёрдам беради. Қувонарлиси, Ҳусниддиннинг бу фазилатларини унинг улғаяётган икки фарзанди ҳам кўриб, ўрнак олиб ўсаяпти.
Қаҳрамонимизнинг дилига тукканлари кўп. У сиртдан бўлса-да, ИИВ Академиясида ўқиб, олий маълумот олмоқчи. Биз ҳам унинг нияти амалга ошишини ва Ҳусниддиндек ҳамиша ҳушёр, мард ўғлонлар сафи кўпайишини тилаймиз.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
