Вилоят ИИБ ЖХХ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбияланаётган болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда жамиятда ўз муносиб ўринларини топишларига кўмаклашиш мақсадида Бухоро шаҳридаги “Касбий кўникмалар маркази”га махсус саёҳат ташкил этилди. Ўсмирлар марказда яратилган шароитлар ва касб ўрганиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, улар турли йўналишдаги ҳунармандчилик ва замонавий касблар бўйича олиб борилаётган амалий машғулотларни бевосита кузатиб, ўзлари учун керакли хулосалар олишди. Бу эса уларнинг қалбида ҳалол меҳнатга бўлган ҳурмат ва келажакда бирор касбнинг эгаси бўлишга бўлган қизиқишни уйғотишга хизмат қилади.
Тадбирнинг иккинчи қисмида болалар маънавий озуқа олишлари учун вилоят Болалар кутубхонасига таклиф этилди. Зиё масканида улар ўзларини қизиқтирган бадиий ва илмий адабиётларни кўздан кечирдилар. Кутубхона мутахассислари томонидан ёш китобхонларга қандай асарларни мутолаа қилиш фойдали эканлиги, китоб ўқишнинг инсон тафаккурига ижобий таъсири ҳақида қимматли тавсиялар берилди.
Мазкур саёҳатлар вояга етмаганларнинг вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга, уларни тўғри касб танлашга йўналтириш ва китобга бўлган меҳрини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Шаҳноза ИБОДОВА,
капитан.
Бухоро вилояти.
