ИИВ Малака ошириш институтида ички ишлар органлари тизимида узлуксиз ўқув-карера жараёни асосида кадрларни тайёрлаш бўйича “подполковник” ва “катта сержант” махсус унвонларини бериш учун навбатдаги малака ошириш ўқув курслари ҳамда олий маълумотга эга сафдор ва сержант ходимларни офицерлик лавозимларига тайинлаш учун қайта тайёрлов ўқув курси тингловчиларининг навбатдаги ўқув машғулотлари ўз якунига етди.

Тингловчилар ўқув жараёни давомида нафақат, қонунчиликка оид балки, соҳага доир меъёрий ҳужжатлардаги ўзгаришлар билан ҳам яқиндан танишиб, жисмоний ва жанговар тайёргарлик машғулотларида ҳам фаол иштирок этишди.

Ўқув дастури бўйича уларнинг эгаллаган билим ва кўникмалари якуний синовдан ўтказилиб, унинг натижаларига кўра, юқори кўрсаткичларга эришган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, ўзининг намунали хулқи, жамоат ишларидаги уддабуронлиги ва ташаббускорлиги туфайли, бир гуруҳ тингловчиларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар ҳам топширилди.

Ўз мухбиримиз.