Достонбек (исмлар ўзгартирилди) мактабни битириб, олийгоҳга ҳужжат топшимади. Чунки ўқишга киролмаслигини биларди. Шу боис танишининг тоғасига қарашли автомобил ювиш шохобчасига ишга кирди. Бирон ҳафтача шу ердаги ишчига шогирд турди... Хуллас, унинг иши беш. Чўнтаги доимо пулдан тўлиб юрди.
Азалдан пули борнинг дўсти кўпаяди. Достонбекнинг ҳам синфдош дўстларидан ташқари, улфату жонон танишлари кун сайин “болалай” бошлади. Улар ишдан кейин ўтирадиган бўлишди.
Бир куни ана шундай ўтиришдан чиққан Достонбек уйига бормай, тўғри ишхонасига келди. Чунки дойимги мижозларидан бири Ҳошимжон “Нексия”сини ювдириш учун олиб келган эди. Достонбек машинани қабул қилиб олди.
Достонбекнинг мастлиги устун келиб, машина эгаси кетиши билан машинага ўтирди-да, рулни бурди. У бироз шаҳар айлангач, Шофиркон туманига бориб севган қизини кўриб келмоқчи бўлди. Аммо Шофиркон тумани ҳудудига етиб келганида машинанинг ёнилғиси тугаб қолди. У кўп ўйлаб ўтирмади. Дарров машинадан тушиб, йўловчи машинага ўтириб кетди.
Эртаси куни уйига ҳудудий профилактика инспектори уни сўроқлаб борди...
Достонбек аввалига қилган ишидан тониб турди. Аммо қоидабузар процессуал тартибда ушлангач, пушаймонлигини айтиб, кечирим сўради.
Шундай қилиб, Достонбекнинг охирини ўйламай қилган ишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мирзоқул АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
