Инсонни ақлу ҳушидан оздирувчи, сарҳуш қилувчи моддалар истеъмоли, табиийки, уни эгри йўлга бошлайди. Зарафшон шаҳрида истиқомат қилувчи икки ёш йигит ярим тунгача спиртли ичимлик ичишди.  Кайфлари ошгач, кўнгиллари кўча сайрини тусаб қолди. 

Бекат ёнида турган машинага кўзлари тушиб, унинг ҳайдовчисига “Шаҳар бўйлаб бизни айлантирасан”, дея шарт қўйишди. Ҳайдовчи уларнинг шартига рози бўлмади. Бундан жаҳли чиққан улфатлар ҳайдовчи йигитни дўппослаб, унга тан жароҳати етказишди. Сўнг йўлларида давом этишаркан, бир танишига дуч келишди. У билан илгари ғижаллашиб қолганларини эслаб, бу йигитни ҳам калтаклашди. 

Кўчада-кўйда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, бировни уриш-дўппослаб, унга шикаст етказиш жавобсиз қолмайди, албатта. Бу шоввозларга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2 ва 3-қисмларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.