Кун қаҳрамони

«Истараси иссиққина экан, зора муаммоим ҳал бўлса...» кўнглидан шундай ўй ўтаркан қизи ва куёвининг ногиронлиги боис уй-жой масаласида мурожаат қилиш мақсадида келган Нодира опанинг дили ёришди...

Тошкент вилояти ИИББ иккинчи минтақавий ҳудуд Оҳангарон шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мувофиқлаштириш бўлими Хотин-қизлар масаласи бўйича инспектор лавозимида хизмат қилаётган маёр Нилуфар Каримхўжаева Нодира опага зарур ҳуқуқий маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатиб кўнгли таскин топди.

Нилуфар Каримхўжаева Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида туғилган. У ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1999-йилда Оҳангарон тумани ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар ва ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича гуруҳининг инспектори лавозимидан бошлади. Н. Каримхўжаева ўтган вақт мобайнида турли лавозимларда хизмат қилар экан, ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, оилавий ажрим ва жанжалларнинг олдини олиш сингари долзарб муаммоларга асосий эътиборни қаратди. Бугунга қадар аҳоли, асосан ёшлар ва хотин-қизларнинг унга турли масалаларда мурожаат қилишининг сабаби ҳам шу бўлса керак.

– Яшашни ҳамма ҳар хил тушунади, – дейди Н. Каримхўжаева. – Бундай тасаввур, аввало, оила муҳитида шаклланади. Шу боис хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилаларда соғлом муҳитни шакллантиришга имкон даражасида эътибор қаратиб келяпмиз.

Оила – муқаддас даргоҳ. Уни асраб-авайлаш зарурлигини энди ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларга тушунтириш борасида олиб борилаёган тарғибот-ташвиқот ишлари ижобий самарасини бераётгани қувонарлидир. Бунда маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари билан фаол ҳамкорликнинг йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.