Ички ишлар органлари ва ДДХ ходимлари Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Кўкгумбаз” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги “Сангзор-15” йўл-патрулъ хизмати масканида “Нексия-3” русумли автоуловни сабрсизлик билан кутардилар. Бунга ушбу автомобилъ ҳайдовчисининг гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиши сабаб эди. Яна ҳам аниқроғи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари яқинлашиб келаётган автоуловда тақиқланган модда борлиги тўғрисида маълумотга эга эдилар.

Ниҳоят кутилган автомашина кўринди ва йўл-патрулъ хизмати ходими автомашина ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берди. Шундан сўнг “Нексия-3” ҳамда ҳайдовчи холислар иштирокида тинтувдан ўтказилди. Мазкур жараёнда “Нексия-3” ҳайдовчиси – Сурхондарё вилояти Денов тумани “Ўрикзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи А.Т.нинг чўнтагидан 2 дона полиэтилен пакетга ўралган 106,9 грамм гашиш ҳамда 9,21 грамм опий топилди.

Терговга қадар суриштирув давомида у мазкур гиёҳванд моддаларни муқаддам судланган қўшниси А.Ҳ.дан олганлигини билдирди. Ушбу маълумот асосида А.Ҳ. ҳам ушланди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.