Бобом урушга кетганида 18 ёшда бўлган экан. Жанггоҳлардан омон қайтгач, ички ишлар органларига хизматга кириб, 30 йил ёнғин хавфсизлиги хизматида фаолият кўрсатган. Кейинчалик бобомнинг маслаҳати билан менда ҳам шу соҳага қизиқиш уйғонди. 2009-йилда синовлардан муваффақиятли ўтиб, ёнғин хавфсизлиги хизматига қабул қилиндим.

Бобом кўзларига ёш олиб «Касбимни танлаганингдан жуда хурсандман, болам. Ҳеч қачон юзимни ерга қаратма, ҳамиша халққа садоқат билан ҳалол хизмат қил», – дея дуо қилгани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. 

Ана шу дуо ва ўгитлар ҳаётимда муҳим дастуриламалга айланди. 15 йилдирки, ҳар куни ишга кетаётганимда у кишининг дуосини олишга одатланганман. 

Илгари бобом байрам тадбирларида иштирок этиб, машҳур «Катюша» қўшиғига рақсга тушарди. Шу боис ҳалигача одамлар ҳазил қилиб «Катюша бобо» деб чақиради. Бир-икки йилдан буён саломатлиги ёмонлашгани туфайли тадбирларга боролмай қолди. «Қани энди, ёшликка қайцам-у, оёқла­римга дармон кириб, «Катюша»га рақсга тушсам», дейдилар.

Бобомнинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш учун хонадонимиздан меҳмонлар аримайди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, туман ҳокимлиги ва ички ишлар бўлими мутасаддилари, ҳудуд профилактика инспектори ҳамда маҳалла фаоллари уни доим йўқлаб, ҳолидан хабар олиб туришибди. Хотира ва қадрлаш куни яқинлашгани сари уйимиз янада файзга тўлмоқда. 

Бобом ва бувижоним аҳилликда 4 нафар фарзанд ўстирган. Набираларнинг сони 

10 нафардан, чеваралари эса 30 нафардан ошиб кетган.  

У киши узоқ умр кўриш сири ҳақида гапириб, доим шундай маслаҳат беради: «Қалбинг тоза бўлиб, инсон­ларга ҳамиша яхшилик қилсанг, энг муҳими – хушчақчақ юрсанг, албатта, юзга кирасан!».


Муҳиддин ШОКИРОВ,

Олтиариқ тумани ФВБ 26-ёнғин қутқарув 

қисми ҳайдовчиси.