Ўтган асрнинг 41 йили. Ҳозиргидек жазирама ёз эмас, кузнинг ўртаси, 16 ноябръ куни эди. Йигитлар урушга кетган ва тўда-тўда бўлиб кетаётган, қорахатлар эшикларни чертиб кира бошлаган, кўчада почтачи кўринса, ота-оналар юраги дупурлаб ура бошлаган кезлар. Юраклар қувонч нималигини унутиб, уруш деган ярадан вужудлар безиллаб турган хомуш кунлар эди. Тошкент шаҳрида яшовчи Тўхтаназар Султонов оиласида ўғил туғилиб, оилага жилла бўлсин, қувонч шабадасини улашди. Ахир, яна бир бўлажак – Ватан посбони дунёга келди.
Эл қатори уруш азобидан заҳмат чекиб, қиш тараддудини кўраётган хонадон соҳиблари «Болам, уруш вақти туғилдинг, аммо умринг уруш кўрмай ўцин. Бу уруш тезда тугаб, тинчлик-
осойишталикда катта бўлгин», дея яхши ниятлар қилишди...
Ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Уйғур Султонов бу йил 83 ёшга тўлади. Бу салкам минг ой умр кўрди, дегани. Аммо шу минг ойнинг минг куни, яъни 3 йилдан зиёдроғи зулматда, қамоқхоналарда ўтди...
У. Султонов армия хизматини ўтаб, Тошкент давлат университетининг юридик факулътетига ўқишга киради. 1967-йилда ўқишни муваффақиятли тугатгач, тақсимот асосида Ички ишлар вазирлигига юборилади. Дастлаб хизматни ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани Иибда терговчиликдан бошлайди. Кейин Тошкент шаҳар ИИБ ва ИИВ Тергов бошқармасида терговчи, катта терговчи, муҳим топшириқлар бўйича катта терговчи, бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.
Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб, ўта оғир жиноятларни содир этган жиноий гуруҳ қилмишини тергов қилаётган гуруҳ раҳбари, Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Уйғур Султоновни қамоққа олишибди, деган шум хабар нафақат вазирлик раҳбариятини, балки уни билган, яқиндан таниган кишиларда, ҳамкасблари ва қўл остидаги ходимларда кескин таажжуб уйғотди.
Уни Андижондан Тошкентга поэздда олиб келиб, Давлат хавфсизлик хизмати биносининг ертўласига ташлашди. «Сен бошлиғинг Саркис Калустянга фалончи орқали пора бергансан. Ва яна ўша вақтдаги вазир Ҳайдар Яҳёэвга лавозимга ўтириш учун унинг куёви орқали пора тариқасида тилла соат совға қилгансан» деган айбловларни қўйишди.
– Мен барча айбловларни кескин рад этдим, – дея ўша мудҳиш кунларни эслайди қаҳрамонимиз. – Ҳеч кимга пора бермаганман, буларнинг бари туҳмат, деб туриб олдим. Қизиқ-да, бошлиғим билан қуйи тизимларда бирга ишлаганмиз. Иш юзасидан кўп маслаҳатлашганмиз, бир-биримиздан сўраб ўрганганмиз. Менинг лаёқатим ва қобилиятимни билгани учун у мени ўзига ўринбосарликка таклиф қилган. Мени ишга олинг, деб, пул бериш у ёқда турсин, ҳатто илтимос ҳам қилмаганман. Қизиғи шундаки, пул бераман, десам, ўртага одам қўйиб нима қиламан. Ўзим бераверишим мумкин эди-ку.
Тилла соат менда қайдан бўлсин. Уйимда тинтув ўтказишибди. Кутубхонадан бошқа ҳеч нарса топиша олмаган. Аёлимни сўроқ қилишибди. «Уйингизга кимлар келарди? Эрингиз кимлар билан дўстлашган, улар билан нима ҳақда гаплашарди?», деб анча сўроқ қилишган. Бир-икки ойдан сўнг уларни тинч қўйишибди.
Хуллас, олти ой тергов ҳибсхонасида ётдим. Бақир-чақир, дўқ-пўписа, уриш-сўкиш ва қийноқларни айтмай қўя қолай. Тана азоби ўтиб кетади, аммо виждон азоби ўтмайди. Шунинг учун қанча азоб бермасин, чидадим. Бўҳтонни бўйнимга олмадим. Бировга туҳмат қилишни ўзимга ор билдим. Қандай қилиб, мен уларга туҳмат қиламан. Эртага юзига қандай қарайман... Мен билан бир хонада ўтирган Убайдулла Тожихонов ҳам ўзига қўйилган айбловларни қатъий рад этди.
Икки ой уйдагиларим билан учраштиришмади. Озиқ-овқат олишга рухсат беришмади. Булар қонунга хилоф эди. Ахир, мен терговчиман, тергов просессини, маҳбусларни сақлаш ва сақланиш тартибини яхши биламан-ку. Шунинг учун улар билан курашдим. Икки ойдан сўнг уйдан озиқ-овқат ола бошладим. Бир ўзимга, адашмасам, ўнталар терговчини алмаштиришди-ёв. Ҳеч қайсиси айбимни бўйнимга қўёлмади. Олти ойдан сўнг ҳибсда сақланиш муддатим тугагач, ё айбимни исботланглар, ё айбсиз, деб қўйиб юборинглар, деб ариза ёздим. Гдляннинг олдига чақиришди. У мени роса авради: фалончиларга қарши кўрсатув берсанг, у бўлади, бу бўлади, деб...
Ивановнинг олдига туширишди. У роса дўқ қилди. Майли, сени қўйиб юборамиз, лекин 3 ой уй қамоғида ўтирасан. Ҳеч қаерга чиқмайсан, шунга тилхат ёзиб бер, дейди. Мен тилхат ёзмайман, дедим. Чунки бу ёқамга илмоқни ихтиёрий илиб олишим билан баробар эди. Мен ёзмадим. Улар асоссиз яна уч йил ушлашди. Вазият анча ўзгарди. Охири бир куни Москвадан, ҳарбий прокуратурадан У.Султоновнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани учун реабилитасия тариқасида жазодан озод этилсин, деган мазмунда жавоб келди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 1988-йил 20 январдаги хатига кўра,
1987-йил ноябрда У.Султоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши СССР Ҳарбий прокуратураси томонидан тугатилган. Шу билан бирга, у ўша йили 25 февралда ички ишлар органларига тикланиб, ўз лавозимига тайинланган.
Сўнгра ИИВ раҳбарияти топшириғи асосида Транспортдаги Иибда хизмат қилиб, 1990-йилда пенсияга кузатилган.
Тўрт девор орасида ўтган кунлар эсига тушса, У. Султоновнинг кайфияти бузилади. Нега, нимага, нима учун деган саволлар айбсиз айбдор учун ҳали-ҳануз жумбоқ, тушунарсиз. Кўнгилда ярадай қотиб қолган.
– Халқимиз бежиз сув балоси, ўт балоси ва туҳмат балосидан ўзинг сақла, деб дуо қилмас экан. Инсон тақдирида нима бўлса, ўзи сабабчи бўлади, дейдилар. Йўқ, фақат ўзи эмас, баъзан тузум ҳам, тизим ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Шунинг учун, аввало, юртимиз тинч бўлсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин. Мустақил бўлганимизда бу кўргиликларни кўрмасмидик, бу азобларни тортмасмидик, дейман-да, дейди устоз Уйғур Султонов хўрсинганча.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
ўз мухбиримиз.
